“Экологик аудит тўғрисида”ги қонуннинг ижроси ўрганилди
Турли кўринишдаги экологик муаммолар кўлами ортиб бораётган бугунги шароитда экологик аудитнинг аҳамияти ҳам ортиб бормоқда. Яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси томонидан Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси билан ҳамкорликда “Экологик аудит тўғрисида”ги қонуннинг Қашқадарё ва Фарғона вилоятларида ижро этилиши ҳолати назорат-таҳлил тартибида ўрганилди.
Назорат-таҳлил ўрганишларида маълум бўлишича, мазкур қонун ижроси доирасида “ECOREQUEST” платформаси яратилган. Экологик аудиторнинг малака сертификатини бериш хизмати Ягона интерактив давлат хизматлари порталига интеграция қилинган.
Экологик аудит соҳасини тартибга солувчи ҳуқуқий-техник базани мустаҳкамлаш мақсадида OʻzMSt “Ekologik audit. Oʻtkazish tartibi” миллий стандарти лойиҳаси ишлаб чиқилган.
Мазкур ўрганиш якунлари муҳокамасида депутатлар экологик аудит тизимини амалиётга самарали жорий этиш, экологик аудиторларни тайёрлаш ва соҳага малакали мутахассисларни жалб этиш ҳамда мавжуд муаммоларни бартараф этиш масалаларига эътибор қаратди.
М.Комилова,
ЎзА