Экоакцияда ёшлар фаол қатнашди
Андижонда “Чиқиндисиз табиат” деб номланган экоакция ўтказилди.
Андижон вилояти Экология,атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси, Ўзбекистон Экологик партияси вилояти кенгаши ташаббуси билан ўтказилган акцияда кўнгилли ёшлар, волонтёрлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Акция доирасида “Андижон – Кулла” автомобиль йўлининг адирлик қисмидаги йўл четлари чиқиндилардан тозаланди.
[gallery-16794]
– Экоакцияни ўтказишдан мақсад ҳудудларни чиқиндилардан тозалаш, ободонлаштириш ишларини амалга ошириш, қолаверса, акция орқали аҳоли ўртасида она табиатни асраб-авайлашга қаратилган тарғибот ишларини, фуқароларнинг ушбу масалага дахлдорлик ҳиссини кучайтиришдан иборат, – дейди Андижон вилояти Экология,атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси Ахборот хизмати раҳбари Лочинбек Исомиддинов. – Акцияда, айниқса, атроф-муҳит ободлигига бефарқ бўлмаган ёшлар фаол иштирок этди.
Мазкур акция аҳолининг вилоятдаги қаровсиз, турли чиқиндилар ташлаб кетилган ҳудудларига эътиборини қаратиш, ана шу ҳудудлардаги экологик вазиятдан хабардор этиш, уларда табиатга эҳтиёткорона муносабатни шакллантириш ва қайта ишланадиган чиқиндиларнинг атроф-муҳитга зарар келтиришининг олдини олиш борасидаги ишлар кўламини кенгайтиришга қаратилди.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари