ЕИнинг Aфғонистон бўйича махсус вакили билан учрашув
25 июль куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Владимир Норов “Aфғонистон: хавфсизлик ва иқтисодий тараққиёт” халқаро конференциясида иштирок этиш учун мамлакатимизга ташриф буюрган Европа Иттифоқининг Aфғонистон бўйича махсус вакили Томас Никлассон билан учрашди.
Юқори даражадаги меҳмон Т.Никлассон ЕИ Президентимизнинг Марказий Осиёда дўстлик, ишонч ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича минтақавий сиёсати ва ташаббусини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини таъкидлади.
Шунингдек, минтақада қисқа муддатда тарихий ўзгаришлар рўй бераётгани, олий даражадаги сиёсий мулоқот мустаҳкамланиб, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар алоқа янада кенгайиб бораётгани алоҳида қайд этилди.
Мулоқот чоғида Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги ҳамкорликнинг долзарб масалалари ҳам муҳокама қилинди. Томонлар ўзаро кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимнинг тасдиқланганини олқишлади, мазкур ҳужжатни имкон қадар тезроқ имзолаш зарурлигини бир овоздан маъқуллади. Шунингдек, дастурга мувофиқ Aфғонистондаги мавжуд вазият юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
[gallery-8040]
Т.Никлассоннинг таъкидлашича, Брюссель Ўзбекистоннинг афғон муаммосини ҳал этишдаги сиёсий-дипломатик саъй-ҳаракати ва алоҳида ўрнини юқори баҳолайди.
Европа томони Aфғонистон бўйича халқаро конференция ўз вақтида ўтказилаётганини маълум қилдиди. Иштирокчиларнинг юксак савияси юртимизнинг муҳим ўрни, афғон муаммосини ҳал этишдаги саъй-ҳаракати эътироф этилишидан далолат бериши таъкидланди.
– Тошкентда Афғонистон бўйича махсус вакил ва элчилар ўртасида бўлиб ўтадиган учрашувда иштирок этиш мақсадида Ўзбекистонга ташриф буюрганимдан мамнунман, – деди ЕИнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Т.Никлассон. – Ташқи ишлар вазири билан эртанги бўлажак конференция бўйича умумий манфаатлар ва афғон халқини қўллаб-қувватлашга оид айрим масалаларни кўриб чиқдик.
Учрашувда Тошкент сиёсатининг изчиллиги, афғон заминида тинчлик ўрнатишга салмоқли ҳисса қўшиши юзасидан фикр билдирилди. Aфғонистонга гуманитар ёрдам кўрсатиш бўйича халқаро кўп функцияли транспорт-логистика хаб фаолиятига юқори баҳо берилди.
Улуғбек Маҳмирзаев, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА