ЕИда янги аъзолик мақоми пайдо бўладими?
Канада Европа Иттифоқи билан ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиб, ташкилотнинг илк “ассоциациялашган аъзоси” мақомини қўлга киритиш режасини тузди. Бош вазир Марк Карни Монреалда бўлиб ўтган икки томонлама саммит якуни бўйича музокарани 2027 йил июнига қадар тугаллаш мақсад қилинганини айтди. ЕИ шартномасида назарда тутилмаган бундай мақомнинг ҳуқуқий асоси, ваколат ва амалиёт доираси келишиб олиниши керак.
Таклиф томонлар ўртасида сиёсат, дастурлар ҳамда бошқарув соҳаларидаги алоқа чуқурлашишини назарда тутади. Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен ташаббуснинг бирламчи афзаллиги сифатида Канада “Horizon” илмий тадқиқот ва “Erasmus” таълим дастурларига тўлиқ қўшилиши, шунингдек Украина учун ажратилган 90 миллиард евролик молиявий ёрдам механизмида иштирок этиши имкониятини тилга олди. Анжуманда рақамли савдо, энергетика, муҳим хом ашё, супер компьютер, сунъий интеллект ва сунъий йўлдош технологияси бўйича ҳамкорлик кенгайтирилиши бўйича ҳам келишиб олинди.
Ташаббус ЕИ доирасида бирдек қўллаб-қувватланаётгани йўқ. Масалан, Германия атамага эътироз билдириб, қўшма баёнотда “янада яқин ассоциация” ифодаси қўлланишига эришди. Европа кенгаши раиси Антониу Кошта ҳам айнан шу иборадан фойдаланди. Лойиҳанинг тўлиқ мазмун-моҳияти баҳорда ўтказиладиган Европа комиссияси ва Канада ҳукумати вакиллари учрашувида белгиланади. Карни эса июнь ойида ЕИ раҳбарлари саммитида музокара якунланишидан умидвор. Алоҳида мақомни Европа давлатлари қай тартибда тасдиқлаши масаласи ҳозирча очиқ.
Мусулмон Зиё, ЎзА