ЕИ Ҳурмуз орқали юк ташишга таҳдид туфайли Эронга қарши санкция жорий қилди
Европа Иттифоқи "Ҳурмуз бўғозида кема ҳаракатига хавф солаётган Эронга қарши санкция"ни тасдиқлади. Шу тариқа денгиз йўли эркинлигини ҳимоя қилишга қаратилган янги механизм илк бор қўлланди.
Ҳурмуз орқали юк ташишга тўсқинлик қилишда айбланган жисмоний ва юридик шахсларга нисбатан чеклов тўғрисида ЕИнинг ташқи сиёсат бўйича раҳбари Кая Каллас Кипрда бўлиб ўтган мудофаа вазирлари норасмий учрашувидан сўнг маълум қилди.
“Синьхуа” агентлиги ёзишича, Каллас навигация эркинлиги бутун дунё бўйлаб, айниқса Эроннинг ҳаракати ва дронлар фаолияти тижорий юк ташишга хавф туғдирадиган Ҳурмуз бўғозида тобора кўпроқ босим остида қолаётганига эътибор қаратган. ЕИ вазирлари бундай ҳаракатни қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат, деб баҳолаган.
Мулозим махсус ишлаб чиқилган янги санкция механизмидан биринчи марта фойдаланилаётганини таъкидлади. Зарур ҳолда мазкур восита яна қўлланиши мумкин экан.
Европа дипломатияси раҳбари ЕИнинг ЕС ASPIDES денгиз миссияси Қизил денгиздаги савдо кемаларини ҳимоя қилишга қўшган беқиёс ҳиссасини ҳам таъкидлади. Бу амалиёт 2024 йил февралда Яман хусийларининг дрон ва ракета билан савдо кемаларига қарата уюштирган мунтазам ҳужумига жавобан бошланган. Ҳимоявий фаолият юритадиган ASPIDES Яман ҳудудига зарба бермасдан, ҳаводаги таҳдидларни тўхтатади. Минтақадаги кемалар хавф остида қолган бир пайт, миссия тижорат юк ташувига хавфни сезиларли даражада камайтиради.
Бундан ташқари Каллас, агар лозим бўлса, ASPIDESни Ҳурмуз бўғозида денгиз хавфсизлиги бўйича кенгроқ ҳамкорликка, жумладан, Франция ва Буюк Британия ташаббуси доирасида жалб қилиш таклифини илгари сурди. Бу масалада муҳокама давом этади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ ва Исроилнинг Эрон билан можароси 100-кунида глобал савдо маркази ҳисобланган Ҳурмуз бўғозидан тахминан 1000 та кема ўтгани ҳақида хабар берилган эди.
Г.Сатторова, ЎзА