Эҳтиёжмандларни қўллаб-қувватлаш доимо эътиборда
Бухоро вилоятида маҳаллалардаги ижтимоий ҳолат, шунингдек, аёлларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни янада кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Буни вилоятнинг Когон, Бухоро шаҳарлари ҳамда Когон, Қоракўл ва Олот туманларида аҳоли учун яратилган қулайликлар, айниқса, хотин-қизларни манзилли қўллаб-қувватлаш бўйича эришилган амалий натижалар мисолида ҳам кўриш мумкин.
Вилоят аҳолиси бугунги ислоҳотлардан, ҳудуд раҳбарлари, хусусан, сектор раҳбарлари томонидан олиб борилаётган ишлардан мамнун.
Секторлар раҳбарлари томонидан ҳудудларда фуқаролар билан ишлашда “фуқаробай” тизими йўлга қўйилган. Бу дафтарлардаги фуқароларнинг муаммоларидан тўлиқ хабардор бўлиш ва уларни бартараф этишда муҳим аҳамият касб этаётир. Вилоятда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли жумладан, уй-жойга эҳтиёжи бўлган аёллар учун “Ижтимоий ётоқхона”лар ажратилмоқда.
Ҳозирги вақтда вилоятнинг Бухоро шаҳар, Ғиждувон ва Олот туманларида бу каби “Ижтимоий ётоқхона”лар уй-жойга эҳтиёжманд аҳоли учун фойдаланишга топширилган. Когон шаҳар “Абдулла Қодирий” ҳамда Қоракўл туман “Эски қалъа” маҳалла фуқаролар йиғинларида барпо этилган “Ижтимоий ётоқхона”ларда бугун уй-жойга муҳтож бўлган 161 та оиланинг 384 нафар аъзолари жойлаштирилган.
Когон шаҳар 4-сектор ҳудуди “Абдулла Қодирий” МФЙда жойлашган “Ижтимоий ётоқхона”да 83 та оиланинг 170 нафар аъзоси яшамоқда. Уларнинг 14 нафар фарзандининг суннат тўйлари ўтказилди. Оилаларнинг мактаб ёшидаги 30 нафар фарзандига янги ўқув йили учун ўқув қуроллари топширилди. Когон шаҳардан 13 нафар ҳамда Когон туманидан 20 нафар аёлга тикувчилик ҳунарига ўқитилганлик тўғрисида махсус сертификатлар ва ўз бандлигини таъминлаш мақсадида жами 33 та тикув машиналарини топширилди. Мактабгача таълим ёшидаги болалар имтиёзли тўлов асосида боғчага жойлаштирилди.
[gallery-3782]
Когон туман ҳокимлиги биносида Когон шаҳридан 94 нафар эҳтиёжманд хотин-қизга 700 минг сўмдан ҳамда Когон туманидан 125 нафар эҳтиёжманд аёлга 500 минг сўм миқдоридаги бир марталик моддий ёрдам пуллари топширилди.
Қоракўл тумани “Эски қалъа” МФЙда жойлашган “Ижтимоий ётоқхона”га 78 та оиланинг 214 нафар вакили жойлаштирилган. Мазкур объектнинг қурилишига 1 миллиард сўм миқдорида маблағ сарфланган.
Бухоро шаҳар “Тошмажит” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида шаҳар ҳокими ҳамда 3-сектор ҳамкорлигида хотин-қизлар бизнес маркази ташкил этилган. Бу ерда 10 нафар хотин-қизга тикувчилик ҳунарига ўқитилганлик тўғрисида махсус сертификат ҳамда тикув машиналари топширилди. Бухоро шаҳрида яшовчи 917 нафар эҳтиёжманд хотин-қизга 490 минг сўм миқдордаги бир марталик моддий ёрдам пуллари топширилган.
“Хўжамушкин” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 8 минг кв.м. ички йўл асфальтлаштирилган. 6 минг кв.м. бетонлаштирган. 17 та тунги ёритиш устунлари қурилган. 8 та янги ўриндиқлар қўйилган. Нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехи ташкил этилиб, 20 та янги иш ўринлари яратилган. Ҳозирда 8 нафар аёл шу жойда ишга олинган. Аҳолининг маданий ҳордиқ чиқариши учун фаввора ва унинг атрофида дам олиш маскани ташкил этилган. Электрон кутубхона аҳоли хизматида. 24 та кўп қаватли уйнинг фасад қисми тўлиқ таъмирланган.
Вилоят кесимида тегишли режа асосида ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган аҳолига турли моддий кўмаклар кўрсатиб келинмоқда. Когон ва Бухоро шаҳарлари ҳамда Когон ва Қоракўл туманлари негизида “Аёллар дафтари”нинг иккинчи босқичида рўйхатга олинган боқувчисини йўқотган, ногиронлиги бўлган ва қарамоғида ногирон фарзандлари бўлган жами 1 минг 925 нафар хотин-қизга умумий 964 миллион 240 минг сўм миқдоридаги бир марталик моддий ёрдам маблағлари ажратилган.
Бухоро ва Когон шаҳарлари, Когон ва Қоракўл туманлари негизида “Аёллар дафтари”нинг иккинчи босқичида рўйхатга олинган касб-ҳунарга ўқиш истагида бўлган, бандлиги таъминланмаган жами 63 нафар хотин-қизлар масъуллар томонидан тикувчилик ҳунарига ўқитилди. Уларга махсус сертификатлар ҳамда замонавий тикув машиналари топширилди. Ҳунари ортидан ўз-ўзини банд қилишига кўмаклашилди.
Вилоятда мутасадди раҳбарлар томонидан доимий равишда маҳаллабай ишлаш тизими асосида аҳоли, хусусан хотин-қизлар муаммолари ўрганилмоқда. Уларни бартараф этиш юзасидан манзилли чора-тадбирлар олиб борилаётир.
Зариф Комилов,
Тоҳир Истатов (сурат), ЎзА