Эҳтиёжмандлар уйи таъмирланди
Обод ва тинч юртда файз, қут-барака, юксалиш бўлади. Саховат, одамлар ўртасидаги меҳр-муҳаббат ришталари мустаҳкамлигидан кўнгиллар обод. Бугун йилдан-йилга юксалиб бораётган Ўзбекистонимиз тинч ва обод, тўйлар тўйларга, байрамлар-байрамларга уланмоқда.
Президентимизнинг жорий йил 27 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорига асосан юртимиз бўйлаб “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда. Бунда “Ҳар бир кун – бу имконият, ҳар бир кун – бу келажак учун пойдевор” деган ҳаётий шиорнинг моҳияти ва аҳамиятини очиб беришга, юртдошларимиз қалбида Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат, бугунидан рози бўлиб яшаш, эртасига умид билан боқиш туйғуларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жумладан, Мустақиллик байрами олдидан мамлакатимизда ўтказилаётган “Ободонлаштириш ойлиги” доирасида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди томонидан олиб борилаётган ободонлаштириш ишлари, хайрия ва саховат тадбирлари фикримизга бир мисолдир.
Шу кунларда Андижон вилояти, Хўжаобод туманида бўлган Ўзбекистон "Маҳалла" хайрия жамоат фонди республика бошқаруви раиси Дилшодбек Усмонов бошчилигида фонднинг Андижон вилояти бўлими томонидан бир гуруҳ кам таъминланган, эҳтиёжманд оилаларга зарур ёрдамлар кўрсатилди.
"Маҳалла" хайрия жамоат фонди республика бошқаруви раиси Дилшодбек Усмонов аҳоли вакиллари билан учрашув, суҳбат ва мулоқотларда юртимизда инсон қадрини улуғлаш, эҳтиёжманд оилаларга ёрдам кўрсатиш, одамларнинг ўз ҳаётидан рози бўлиб яшашини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида гапирди, уларни яқинлашиб келаётган Мустақиллик байрами билан муборакбод этди.
[gallery-13159]
Хўжаобод тумани Юксалиш маҳалласида яшовчи Ферузахон Низомиддинова касалманд, қолаверса, оилавий шароити анча оғир, яшаш уйи эса таъмирталаб, атрофи очиқ, зарур шароитлар мавжуд эмас эди.
Маҳалла" хайрия жамоат фонди бошқаруви раиси бошчилигида Ф. Низомиддинованинг хонадони таъмирланди, қўрғон атрофига девор урилиб, чиройли ҳолатга келтирилди. Бундан ташқари, унинг даволаниши учун 2 миллион сўм пул, озиқ-овқат маҳсулотлари, шунингдек, фарзандларига кийим-бош, ўйинчоқлар берилди.
– Кўрсатилган эътибор, берилган кўмакдан бошим осмонга етди, – дейди Ферузахон Низомиддинова. – Яхши инсонлар кўмагидан ҳаётга, эртанги кунга ишончим ортди, инсон қадри улуғланаётган юртда яшаётганимдан қалбим ғурурга тўлди. Мана шундай хайрли ишлар ташаббускори Президентимизга, эзгу ва хайрли ишларни олиб бораётган барча инсонларга мингдан-минг раҳмат айтаман.
Ушбу маҳаллада яшовчи эҳтиёжманд Шаҳзодахон Қаҳҳоровага ҳам даволаниши учун 3 миллион сўм маблағ, озиқ-овқат маҳсулотлари, набираларига кийим-бош, қизига эса замонавий тикув машинаси берилди.
Хўжаобод тумани Чимбулоқ маҳалласида яшовчи Холисхон Усмонова 2- гуруҳ ногирони, кўп йиллардан буён дард чекади. Оилавий шароити оғирлиги учун доимий даволанишга имкони йўқ. Ана шу сабаб фонд томонидан унга ҳам даволаниши учун 3 миллион сўм пул берилди.
Мустақиллик байрам олдидан "Маҳалла" хайрия жамоат фонди Андижон вилояти бўлими, туман, шаҳар бўлинмалари томонидан эҳтиёжманд, ногирон фуқароларни қўллаб-қувватлашга қаратилган юқоридаги каби ишлар режа асосида давом эттирилмоқда.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА