Эҳтиёжманд оилаларга моддий ёрдам пуллари улашилди
Мамлакатимизда аҳолининг эҳтиёжманд қатламини ижтимоий ҳимоя қилиш доимий эътиборда. Хусусан, Президентимизнинг 2021 йил 21 декабрдаги “Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий ҳимоясини янада кучайтиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори оилаларнинг турмуш даражасини ошириш ва Янги йил байрамини кўтаринки руҳда нишонлашини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Мазкур қарор ижроси доирасида Поп туманида Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов бошчилигидаги вилоят, туман сектор раҳбарлари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими ҳамда Пенсия жамғармаси мутасаддилари иштирокида кам таъминланган оилаларга белгиланган пул маблағлари, Янги йил совғаларини тарқатилди.
Вилоят ҳокими туман марказидаги Абдулла Қаҳҳор номидаги маҳалла фуқаролар йиғини, “Дўстлик” ширкатидаги кўп қаватли уйда истиқомат қилувчи уч фарзанднинг онаси Эльмира Эгамбердиева хонадонида бўлиб, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Янги йил муносабати билан байрам табригини етказди. Хонадон соҳибига пул мукофоти, кундалик турмушдаги зарурий озиқ-овқат маҳсулотлари, болажонларга совғалар тақдим қилинди.
[gallery-5278]
Тумандаги Ҳамид Олимжон, Ифтихор, Алишер Навоий, Абдулла Қаҳҳор маҳаллаларида яшовчи кам таъминланган, “Темир дафтар”га киритилган оиларнинг бошланғич синфларда ўқийдиган саккиз нафар фарзандига сектор раҳбарлари ташаббуси билан қишки кийимлар ва байрам совғалари улашилди.
Туман марказидан 40-50 км олисдаги манзилларда жойлашган Ғурумсарой ва Чодак қишлоқларида яшовчи айрим тоифадаги оилаларга ҳам ёрдам пуллари етказилди.
– Тоғли ҳудудда яшовчи биз, қишлоқ аҳли Янги йилни яхши кайфиятда қарши оладиган бўлдик, – дейди Олтинкон маҳалласида яшовчи Зулфия Зиёвиддинова. – Пул мукофоти, совғалар, рўзғоримизга керакли маҳсулотларгача бериб кетишди. Эртанги кунга ишончимиз ортди.
Давлатимиз раҳбарининг қарори ижроси асосида Чортоқ туманида ҳам “Темир дафтар”га киритилган, 18 ёшгача фарзандлари бор боқувчисини йўқотганлик пенсияси ёки нафақасини олувчи, ногиронлиги бўлган 18 ёшгача боласи бўлган оилаларнинг ҳар бирига 800 минг сўм миқдорида бир марталик пул маблағлари етказилмоқда.
Янги йил байрами олдидан Тўрақўрғон туманида кам таъминланган оилалар Янги йил совғалари, пул мукофотларини олди.
– Турмуш ўртоғим икки марта оғир операцияни бошдан кечирди, – дейди Шарқ маҳалласида яшовчи Азимжон Ваққосов. – Боримизни сарфлаб турганимизда Президентимизнинг совғалари жуда асқотди. Байрам дастурхонимиз ҳам тўкин бўладиган бўлди. Миннатдормиз, инсон қадри улуғланган шу юртда яшаётганимизга минг шукр.
Пенсия жамғармаси вилоят бошқармасидан маълум қилинишича, Наманганда қарор асосида 22 минг 661 та оилага ёрдам пуллари тақдим этилади. Бир марталик моддий ёрдам пуллари эгаларига 30 декабрга қадар етказиб берилади.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА