Эҳтиёжманд оилалар кўмакчиси
Яшариш ва янгиланиш байрами Наврўзи олам кўп миллатли Навоий вилоятида ҳам “Ассалом, Наврўз – янгиланиш, меҳр-оқибат ва қадр-қиммат айёми!” ғояси остида нишонланиб, умумхалқ сайилларига, хайрия тадбирларига уланди.
Президентимизнинг 2022 йил 17 февралдаги “2022 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида” ги қарорида Наврўз байрами муносабати билан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фахрийлари, кекса авлод вакилларини ҳар томонлама эъзозлаш билан бир қаторда “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ва “Меҳр дафтари” га киритилган ҳамда кўмакка муҳтож инсонларнинг ҳолидан хабар олиш, уларга беғараз ёрдам бериш билан боғлиқ хайрия тадбирларини амалга ошириш белгилангани боис, Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Навоий вилояти бошқаруви томонидан ушбу хайрли ишларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Халқ депутатлари туман ва шаҳар кенгашлари қарорларига асосан, Жамоат фонди Навоий вилоят, туман ва шаҳар бўлинмалари ҳузуридаги “Саховат ва кўмак” жамғармаси ҳисобидан 640 та оилага жами 181 миллион сўмлик озиқ-овқат харид қилиниб эҳтиёжманд оилаларга тарқатилди. Хусусан, Навоий шаҳрида 200 та, Хатирчи туманида 100 та, Қизилтепа туманида 300 та ва Ғозғон шаҳрида 40 та оилага “Саховат ва кўмак” жамғармасидан озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди.
Шунингдек, “Саховат ва кўмак” жамғармаси ҳисобидан Зарафшон шаҳрида яшовчи 30 нафар ва Учқудуқ туманида яшовчи 21 нафар эҳтиёжманд фуқароларга жами 69,8 миллион сўм моддий ёрдам пули ажратилиб, уларнинг пластик картасига кўчириб берилди.

Абдували Бўриев, ЎзА.