Эҳтиёжманд оилалар эътибордан четда қолмайди
“Долзарб бир ойлик” сафарбарлик лойиҳаси доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш ишлари олиб борилмоқда.
Шу мақсадда “Иссиқлик электр станциялари” АЖ бошқаруви раиси бошчилигидаги ишчи гуруҳ Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманидаги ҳар бир маҳаллада ижтимоий қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд оилаларни аниқлаш ва уларга манзилли ёрдам кўрсатиш ишларини амалга оширмоқда.

Ишчи гуруҳ “Инсон қадри учун, инсон бахти учун” тамойили асосида туманнинг Пасткиюз маҳалласида ижтимоий рўйхатга олинган 26 нафар эҳтиёжманд фуқаронинг ҳолатини ўрганди. Шунингдек, даволанишни кечиктириб бўлмайдиган инсонларни тиббий кўрикдан ўтказиш ва даволаш ишларини ташкил этиш, ишсиз фуқароларни ишга жойлаштириш, маҳалла ҳудудини ободонлаштириш каби йўналишларда аниқ чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Бундан ташқари, “Яшил макон” дастури доирасида маҳаллаларга кўчатлар етказиб бериш, томорқалардан унумли фойдаланиш, аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида паррандачилик ва чорвачилик йўналишидаги лойиҳаларни амалга ошириш масалаларида ҳам амалий ёрдам кўрсатиш кўзда тутилган.
Таъкидлаш жоизки, бу каби ташаббуслар эҳтиёжманд оилалар учун ҳаётий аҳамиятга эга бўлиб, уларнинг турмуш сифатини яхшилашга, ижтимоий қўллаб-қувватлаш механизмларини янада такомиллаштиришга хизмат қилади.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА