Эҳтиёжманд аёлларга тикув машинаси берилди
Андижон вилояти Булоқбоши туманида ижтимоий муҳофазага муҳтож, кам таъминланган оилаларда яшаётган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларини бартараф этиш, айниқса, бандлигини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Тумандаги 37 та маҳалла фуқаролар йиғинида 3 минг 150 нафар аёл “Аёллар дафтари”га киритилган бўлиб, жорий йилнинг ўтган даврида уларнинг 2 минг 240 нафарига амалий ёрдам кўрсатилди. Жумладан, ижтимоий ҳимояга муҳтож, ишсиз 726 нафар аёлнинг бандлиги таъминланди. Шундан 135 нафари доимий ишга жойлаштирилди, 146 нафари жамоат ишларига жалб этилди, 185 нафари эса касб-ҳунарга ўқитилди. Туманда тадбиркорлик қилиш истагида бўлган 262 нафар эҳтиёжманд хотин-қизга Халқ банки, Агробанк, Микрокредитбанк ҳудудий филиаллари томонидан кредитлар ажратилди. Шунингдек, 21 нафар хотин-қизга субсидия асосида тикув машиналари берилди.
Айни кунда бу борадаги ишлар давом эттирилмоқда. Туман ҳокими Ўткирбек Маъмуров сектор раҳбарлари иштирокида ҳоким ёрдамчилари тавсияси асосида субсидия ажратилган "Аёллар дафтари"да турувчи навбатдаги 10 нафар аёлга тикув машиналари топширилди.
[gallery-8759]
– Кейинги йилларда Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, муаммоларини ҳал этиш, ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, турмуш шароитини яхшилаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди туман ҳокими ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Холисхон Холматова. – Туманимизда ҳам бу борадаги ишлар изчил ва тизимли равишда олиб борилмоқда. Натижада кўплаб опа-сингилларимизнинг бандлиги таъминланмоқда, уларнинг доимий даромад манбаи шакллантирилмоқда.
Туманда кўрсатилаётган эътибор ва берилаётган кенг имкониятлар натижасида субсидия ҳисобига тикув машиналари олиб, ўз хонадонида тикувчилик фаолияти билан шуғулланаётган аёллар сафи тобора ортмоқда. Умуман, туманда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, айниқса, “Аёллар дафтари”да турувчи эҳтиёжманд аёлларнинг доимий даромад манбаини шакллантириш бўйича юқоридаги каби ишлар изчил давом этмоқда.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА.