Эҳтиромга муносиб юртдошларимиз тақдирланмоқда
Энг азиз, энг улуғ байрам, буюк ва шонли сана – Ватанимиз мустақиллигининг ўттиз йиллик байрами юртимизда катта шоду хуррамлик билан нишонланмоқда.
Мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, демократик давлат, фуқаролик жамияти барпо этиш йўлида амалга оширилаётган ишлар ва эришилаётган юксак натижаларда турли соҳа ва тармоқларда фидокорона меҳнат қилаётган юртдошларимизнинг ўрни ва ҳиссаси беқиёс. Айни байрам арафасида ана шундай юртга содиқ, ўз меҳнати ва садоқати билан Ватан равнақига ҳисса қўшаётган кўплаб юртдошларимиз, турли соҳа вакиллари давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланди. Жойларда ушбу давлат мукофотларини ўз эгаларига тантанали равишда топшириш маросимлари бўлиб ўтмоқда.
Хусусан, Ташқи ишлар вазирлигида ҳам “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги” ва “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонларига муносиб деб топилган вазирлик тизимидаги бир гуруҳ ходимларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов барчани энг азиз байрам — Ватанимиз мустақиллигининг 30 йиллиги билан табриклади. Ўзбекистоннинг 30 йиллик мустақил тараққиёт йилларида эришган натижалари, шу жумладан, ташқи сиёсатда очиқ ва прагматик муносабатлар йўлга қўйилгани, узоқ ва яқин қўшни давлатлар билан яқин ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланганини таъкидлади.
[gallery-3640]
Қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 23 августдаги фармонига биноан, бир гуруҳ юртдошларимиз “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги” эсдалик нишони билан мукофотланди. Тақдирланганлар орасида Ташқи ишлар вазирлиги, хориждаги дипломатик ваколатхоналар, вазирлик тасарруфидаги ташкилотларда меҳнат қилаётган қарийб 180 нафар ходим, хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшаётган 27 нафар хорижий ҳамкор, шунингдек, юртимиз равнақи ва тараққиёти йўлида фаоллик кўрсатаётган хориждаги 45 нафар ватандошимиз ҳам бор. Бундан ташқари, Вазирлик тизимида узоқ йиллар давомида самарали меҳнат қилиб келаётган, жамоа орасида юксак ҳурмат ва эҳтиромга лойиқ икки нафар дипломат – Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматилла Иргашев ва Консуллик-ҳуқуқий департаменти 1-котиби Мавлудахон Алимходжаевага “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони берилгани алоҳида қайд этилди.
Вазир кўкрак нишонларини ўз эгаларига топшириб, мукофот соҳибларини қутлади. Ушбу эътироф бутун жамоага масъулият юклаши баробарида, юртимиз тараққиёти йўлида янада самарали меҳнат қилиши учун янги куч ва ғайрат улашишига ишонч билдирди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА