Эҳтиром ва юксак қадриятлар байрами
Шимоли-ғарбий ҳарбий округида Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан маънавий-маърифий руҳда байрам тадбири ташкил этилди.
Ватан тинчлиги ва халқ осойишталигини таъминлаш йўлида фидокорона хизмат қилаётган ҳарбий хизматчилар, фахрийлар ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этган ушбу тадбир чинакам эҳтиром ва юксак қадриятлар байрамига айланди.
Тадбир аввалида юрт равнақи, халқ тинчлиги ва мустақилликни сақлаш йўлида жон фидо қилган аждодлар хотираси чуқур ҳурмат билан ёд этилди. Шундан сўнг Округ қўшинлари қўмондонининг байрам табриги ўқиб эшиттирилди.
“Халқ ва армия — бир тан-у бир жон” деган эзгу тамойил бугун юртимизда ҳар қачонгидан ҳам мустаҳкам қарор топмоқда. Зеро, она юрт сарҳадларини ишончли қўриқлаётган мард ўғлонларнинг матонати ва садоқати халқимизнинг энг катта фахридир.
[gallery-29339]
Байрам тадбири давомида хизмат фаолиятида юқори натижаларга эришган, ҳарбий интизом ва жанговар тайёргарликда намуна бўлиб келаётган бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар навбатдаги ҳарбий унвонлар, фахрий ёрлиқлар ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тантанали равишда тақдирланди.
Шунингдек, ҳарбий оркестрнинг куй-қўшиқлари, хушовоз хонандалар ижросидаги Ватан, жасорат ва садоқатни тараннум этувчи мусиқий чиқишлар тадбирга ўзгача файз ва шукуҳ улашди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА.