ЕХҲТ халқаро кузатувчилари Наманганда
Мамлакатимизда жорий йилнинг 30 апрель куни “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида” ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонунига мувофиқ умумхалқ референдуми бўлиб ўтади.
Референдумни қонунда белгиланган тартибда ошкоралик ва демократик талаблар асосида ташкил этиш ва ўтказишда халқаро кузатувчиларнинг ўрни беқиёс. Айни шу мақсадда халқаро ташкилотлар ҳамда хорижий давлатларнинг кузатувчиларидан иборат делегациялар республикамизнинг турли ҳудудларида ўз миссияларини бажармоқда.

Наманган вилояти ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Шавкат Абдураззоқов Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси референдумни кузатиш бўйича чекланган миссияси узоқ муддатли кузатувчилари Йоханна Бергер ва Ирина Шулианкова билан учрашди.

Тадбирда референдум ҳамда унда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) вакиллари миссияси кузатувчилари фаолияти юзасидан фикр алмашилди. Учрашув аввалида ЕХҲТ кузатувчилари ўз функциялари, мандатга асосан референдумдан олдин, овоз бериш куни ва ундан кейинги жараёнларда иштирок этишини маълум қилди.
– Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларда халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик, очиқлик сиёсати билан демократик тамойиллар янги босқичга кўтарилган, – дейди мулоқотда Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов. – Хусусан, 30 апрелда бўлиб ўтадиган референдумда вилоятдаги мавжуд референдум участкаларида овоз берувчи фуқароларнинг қонунда кафолатлаб қўйилган хоҳиш-истакларини билдиришлари учун барча шароитлар яратилган.

Учрашувда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти халқаро кузатувчилари ҳам ўз ўрнида, Ўзбекистондаги ижтимоий-сиёсий ўзгаришларга юксак баҳо берди. Халқаро кузатувчилар Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказувчи 6-Наманган референдум округи фаолияти билан ҳам яқиндан танишди. Улар округ жойлашган бинодаги комиссиянинг тўлақонли ишлаши юзасидан яратилган шароитлар, округ комиссиясининг қачон, қай тартибда шакллантирилгани, комиссия сифат таркиби ҳамда гендер тенглик, референдумга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш бўйича ташкил этилиши керак бўлган семинар-тренинглар бўйича 6-Наманган референдум округи комиссияси раиси Собитхон Турғуновга бир қатор саволлар билан мурожаат қилди. Шунингдек, округ ҳудудида нечта участкалар шакллантирилгани, тарғибот ва ташвиқот ишлари билан кимлар шуғулланиши, сайловчилар қайси участкага бориб овоз беришларини қандай билишлари, овоз бериш учун участкаларда яратилган шароитлар билан ҳам қизиқди. Қолаверса, улар бугунга қадар фуқаролардан бирон бир шикоят тушмаганлиги, ОАВ вакилларидан матбуот анжуманида келиб тушган саволларга ўз вақтида жавоблар берилганига ҳам алоҳида эътибор қаратди.
Оқилхон Дадабоев,
ЎзА