Эгилувчан қувур — сувни асрашнинг амалий ечими
Сув танқислиги тобора долзарб тус олаётган бугунги шароитда ҳар бир томчи сувнинг қадри ошиб бормоқда. Шу боис мамлакатимизда қишлоқ хўжалигида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, замонавий сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Жиззах вилоятида эгилувчан қувурлар асосида суғориш тизимини кенгайтириш борасида олиб борилаётган ишлар ана шу мақсадларнинг амалий ифодасидир.
Мамлакатимизда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш, қишлоқ хўжалигида сув сарфини қисқартириш ва сув тежовчи технологияларни оммалаштиришга қаратилган ислоҳотлар изчил давом этмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5-январдаги “Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳада янги босқични бошлаб берди. Унда сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш ва фермерларни бу жараёнга фаол жалб этиш устувор вазифалар сифатида белгиланган.

Айнан шу вазифалар ижроси доирасида Жиззах вилоятида ҳам сув тежовчи технологияларни жорий этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жорий йилда вилоятда жами 43 минг 900 гектар майдонда сув тежовчи технологияларни татбиқ этиш режалаштирилган. Дастур доирасида 6 минг гектар ер майдонини кўчма эгилувчан қувурлар орқали суғориш белгиланган бўлиб, бугунги кунга қадар 4620 гектар майдонда мазкур технология амалиётга жорий этилди.

Бу рақамлар ортида оддий статистика эмас, балки сувни тежаш, меҳнат унумдорлигини ошириш ва ҳосилдорликни юксалтиришга қаратилган аниқ амалий ҳаракатлар мужассам. Зеро, республика миқёсида ҳам эгилувчан қувурлардан фойдаланиш сув тежашнинг энг самарали усулларидан бири сифатида эътироф этилмоқда. Сўнгги йилларда юз минглаб гектар майдонларда айнан шу технологиядан фойдаланиш йўлга қўйилгани унинг самарадорлигини яққол тасдиқлайди.
Вилоятда фермер хўжаликлари томонидан кўчма эгилувчан қувурларни харид қилиш ва жорий этиш ишлари изчил давом этмоқда. Ҳозирга қадар жами 300 комплект кўчма эгилувчан қувур учун шартномалар имзолангани бу технологияга қизиқиш ва эҳтиёж юқори эканини кўрсатади.

Ҳудудлар кесимида олиб қаралганда, Арнасой туманига 36 комплект, Бахмал туманига 10 комплект, Ғаллаорол туманига 11 комплект, Фориш туманига 5 комплект, Дўстлик туманига 39 комплект, Мирзачўл туманига 41 комплект, Пахтакор туманига 37 комплект, Шароф Рашидов ва Зарбдор туманларига 36 комплектдан, Зафаробод туманига 37 комплект ҳамда Зомин туманига 12 комплект кўчма эгилувчан қувур етказиб берилди.
Мазкур воситалар маҳаллий саноат корхоналари — “Жиззахпластмасса” корхонаси, “Искандарнинг орзулари” ва “ПМ-Равон” МЧЖлар билан ҳамкорликда етказиб берилмоқда. Бу эса сув тежовчи технологияларни жорий этиш билан бир қаторда маҳаллий ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлашга ҳам хизмат қилмоқда.

Зарбдор тумани тажрибаси мазкур ёндашувнинг амалий натижаларини яққол намоён этмоқда. Бу ерда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва суғориш самарадорлигини ошириш мақсадида бир қатор фермер хўжаликларида кўчма эгилувчан қувурлардан фойдаланиш йўлга қўйилган.
Жумладан, “Шарқ юлдузи” фермер хўжаликлари ҳудудий уюшмасидаги “Анорқул ота гулшани” фермер хўжалигининг 10 гектар пахта майдонида, “Бўстон” фермер хўжаликлари ҳудудий уюшмаси таркибидаги “Шавкатли Жавоҳир” фермер хўжалигининг 17 гектар пахта майдонида ҳамда П.Умурзоқов фермер хўжаликлари ҳудудий уюшмаси ҳудудидаги “Нурликент ғаллакори” фермер хўжалигининг 15 гектар пахта майдонида ушбу технологиядан самарали фойдаланилмоқда.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, эгилувчан қувурларнинг асосий афзаллиги сувни тўғридан-тўғри даланинг зарур нуқтасига етказиб беришида намоён бўлади. Натижада сувнинг ерга сингиб кетиши ёки ариқлар орқали йўқотилиши кескин камаяди. Бу эса сувдан фойдаланиш коэффициентини ошириш билан бирга, суғориш жараёнининг сифатини ҳам яхшилайди.
Яна бир муҳим жиҳат — экинларнинг бир меъёрда сув билан таъминланиши ҳисобланади. Айниқса, пахта каби сув режимига талабчан экинларда бу омил ҳосилдорликка бевосита таъсир кўрсатади. Шу боис эгилувчан қувурлар нафақат сувни тежаш, балки юқори ҳосил олишнинг ҳам муҳим воситаси сифатида қаралмоқда.

Бугунги кунда иқлим ўзгариши ва сув ресурсларининг чекланганлиги шароитида ҳар бир ҳудудда сувдан самарали фойдаланиш масаласи стратегик аҳамият касб этмоқда. Жиззах вилоятида амалга оширилаётган ишлар сув тежовчи технологияларнинг амалдаги самарасини намоён этиб, қишлоқ хўжалигини замонавийлаштириш, сув исрофини қисқартириш ва фермер хўжаликларининг иқтисодий барқарорлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Энг муҳими, бу каби технологияларнинг кенг жорий этилиши сув танқислиги шароитида ҳам қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг барқарорлигини таъминлаш, ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшади.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА