“Еdu market” интерфаол-виртуал таълим дастурининг вазифаси қандай?
Пойтахтимиздаги Инҳа университетида “Edu Market” интерфаол-виртуал таълим дастурининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Пойтахтимиздаги Инҳа университетида “Edu Market” интерфаол-виртуал таълим дастурининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Мазкур платформа “Game Zale” компанияси томонидан яратилган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Инновация, технология ва стратегия маркази томонидан татбиқ қилинган.
Платформа замонавий технологиялар дунёсида болаларнинг ривожланиш машқлари шаклида (ёшга қараб синфларни танлаш орқали) тенг имкониятларни таъминлаш, IT кўникмалар ҳамда диққат, хотира ва мантиқий фикрлашни ривожлантиришга қаратилган.
Ушбу платформа таълим фаолиятида янги усул ва услубларни яратиб, унинг сифатини ошириш учун катта имкониятларни тақдим этади. Шубҳасиз, бу ўқитувчининг ўқув ва илмий-тадқиқот фаолиятида ўз устида ишлаш лозимлигини талаб қилиб, ўқувчиларнинг билим фаоллигини оширади. Ўқув жараёнини янада ёрқинроқ ва қизиқарли қилади. Ҳозирги кунга келиб, платформанинг демо-версияси Тошкент шаҳридаги 94-умумтаълим мактабида бошланғич синф ўқувчилари орасида синовдан ўтказилди. “Edu Market” болаларнинг таълимга қизиқишини оширишда самарали ўқитиш воситаси бўлиб хизмат қилиши кутилмоқда.
Платформанинг таркибий қисмларига виртуал мактаб, виртуал кутубхона, онлайн ўқитиш тизими, ўқувчиларнинг онлайн ўзлаштириш статистикаси, ўқув машғулотларини муваффақиятли якунлаш учун ўқувчиларни рағбатлантириш тизими ва бошқалар киради.