ЕЧЛ: “ПСЖ” ва “Интер” Мюнхенда бош соврин учун рақобатлашади
Футбол бўйича Европа чемпионлар лигасининг ярим финал босқичида сўнгги жавоб ўйинида “ПСЖ” ва “Арсенал” жамоалари ўзаро рақобатлашди.
Париж шаҳрида ўтказилган ушбу учрашувда мезбонлар 2:1 ҳисобида зафар қучди. Учрашувда "ПСЖ" клубига ғалаба келтирган голларга Фабиан Руис ҳамда Ашраф Ҳакими муаллифлик қилган бўлса, "Арсенал" жамоасининг ягона голини Букайо Сака дарвозага киритди.

Шу тариқа, икки ўйин натижасига кўра “ПСЖ” умумий 3:1 ҳисобидаги муваффақиятга эришиб, 1 июнь куни Мюнхен шаҳридаги “Альянц Арена” стадионида ўтадиган финал учрашувида "Интер"га қарши майдонга чиқадиган бўлди.

Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, “ПСЖ” ва “Интер” бугунга қадар Европа чемпионлар лигасида ўзаро тўқнаш келмаган. Бу жамоалар 4 та ўртоқлик ўйинида рақобатлашган бўлса, бир маротаба халқаро кубок мусобақасида учрашган. Умумий 5 ўйинда “ПСЖ” 3 та, “Интер” эса 1 та ғалабага эришган. Қолган бир ўйин дуранг билан якунланган. Жамоалар сўнгги бора 2023 йилда ташкил этилган ўртоқлик ўйинида майдонга тушган. Унда “Интер” 2:1 ҳисобида ғолиб бўлган.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА