Ҳеч ким меҳр-эътибордан четда қолмайди
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли баёнига мувофиқ шу кунларда мамлакатимизда 3 декабрь – Халқаро ногиронлар кунини кенг нишонлаш мақсадида республикамизда жорий йилнинг 30 ноябридан 30 декабрига қадар меҳр-муруват ойлиги ўтказилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли баёнига мувофиқ шу кунларда мамлакатимизда 3 декабрь – Халқаро ногиронлар кунини кенг нишонлаш мақсадида республикамизда жорий йилнинг 30 ноябридан 30 декабрига қадар меҳр-муруват ойлиги ўтказилмоқда.
Республика маҳаллалар кенгаши ҳамда Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, ҳудудий бўлим ва бўлинмалари томонидан кўнгли ярим инсонларга меҳр-мурувват кўрсатиш, уларнинг ҳолидан хабар олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мазкур ташкилотлар томонидан 3 декабрь – Халқаро ногиронлар кунига бағишлаб Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида жойлашган 103-сонли имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатида тадбир ўтказилди.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар жараёнида аҳоли барча қатламларининг манфаатларини ҳимоялаш, уларни кучли ижтимоий муҳофазалашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Маҳалла, ўзини ўзи бошқариш органлари орасида асрлар синовидан ўтган, ўзбек халқининг маънавияти, турмуш тарзи, урф-одат ва анъаналарини ўзида мужассам этган ноёб бўғин сифатида эътироф этилади. “Маҳалла” хайрия жамоат фонди мурувват йўналишида хайрия тадбирларини амалга ошириш мақсадида юртимиздаги тиббий-ижтимоий муассасалар, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, Меҳрибонлик, Мурувват, Саховат уйлари, махсус мактаб-интернатлари тарбияланувчиларини қўллаб-қувватлаш учун дори-дармон, санитария-гигиена воситалари, кийим-кечак, озиқ-овқат, ногиронлик аравачаларидан иборат мурувват ёрдамларини топшириб келмоқда.
Жорий йил давомида “Маҳалла” фонди республика бошқаруви ҳамда ҳудудий бўлимлари орқали республикамиздаги тиббий ва махсус болалар муассасаларига 2019 йил давомида бир қатор амалий ишлар амалга оширилди.
Маълумотларга кўра кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган, вояга етмаган фарзандлари бўлган оилаларни қўллаб-қувватлаш, соғлиғини тиклаш ва якка-ёлғиз қариялар, ногиронлар ҳамда табиий офатдан жабр кўрган 37477 фуқаро учун жами 6 миллиард 263 миллион 990 минг сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди.
Байрам ва шонли саналар арафасида республикамиз бўйича жами 1020 дан зиёд ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаро, ёлғиз кексалар, уруш ва меҳнат фронти фахрийлари, ногиронлар, Мурувват, Саховат уйлари тарбияланувчилари кийим-кечак ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланди. Шу билан бирга 559 дона ногиронлик аравачаси, 401 дона тикув машинаси ва бошқа зарур жиҳоз ва воситалардан иборат совғалар топширилди.
Бу каби ижтимоий хайрия акциялари жамиятимизда ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда эмас эканини яна бир карра намоён этади.