Дзюдочиларимиз Осиё кубогида умумжамоа ҳисобида ғолиб бўлди
Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида марҳум мураббий Бекет Махмутов хотирасига бағишланган дзюдо бўйича ўсмирлар ўртасидаги “Almaty Cadet Asian Cup 2026” мусобақаси ўз якунига етди.
12 давлат вакиллари иштирок этган нуфузли мусобақада Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси юксак натижа қайд этиб, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади. Дзюдочиларимиз 8 та олтин, 6 та кумуш ва 12 та бронза, жами 26 та медални қўлга киритди.
Эътиборлиси, мусобақа давомида Ўзбекистон Давлат мадҳияси саккиз бор янгради. Бу, турнир иштирокчилари орасидаги энг юқори кўрсаткич бўлди.
Умумжамоа ҳисобида Қозоғистон терма жамоаси 7 та олтин, 8 та кумуш ва 15 та бронза медали билан иккинчи ўринни эгаллаган бўлса, биттадан олтин ва бронза медалига сазовор бўлган Хитой Тайпейи вакиллари кучли учликка якун ясади.
Маълумот ўрнида, мусобақа давомида Дилафрўз Болтабоева (-44 кг), Зиёда Жавлонова (-57 кг), Паризода Юлдашева (-63 кг), Акбар Шарипов (-50 кг), Озодбек Олимов (-60 кг), Тоҳир Қосимов (-73 кг), Жасурбек Туркманов (-81 кг), Билолбек Абдуғаппаров (-90 кг) каби полвонларимиз олтин медалга эга чиқди.
Шунингдек, Чаросой Ўктамбоева (-57 кг), Сафохўжа Сайфуллоев (-50 кг), Мирсаид Жўраев (-66 кг), Мирзоҳид Худойқулов (-81 кг), Элнур Холмуродов (-90 кг), Алибек Дурдиев (+90 кг) кумуш, Фарангиз Бахтиёрова (-40 кг), Нозима Нормуродова (-44 кг), Моҳинур Оллаберганова (-48 кг), Кумушбиби Эргашева (-52 кг), Нилуфар Шуҳратова (-52 кг), Гулсанам Ҳазратова (-63 кг), Динора Самандарова (-63 кг), Зиёда Шомуродова (-70 кг), Темурмалик Эшпўлатов (-50 кг), Лутфулло Акбаров (-66 кг), Воҳиджон Шермаматов (-73 кг), Шомурод Шомуродов (-81 кг) бронза медаль билан тақдирланди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА