Дзюдочилар жаҳон чемпионатига боради
Жорий йилнинг 6-10 октябрь кунлари Италиянинг Олбия шаҳрида 21 ёшгача бўлганлар ўртасида навбатдаги жаҳон чемпионати ўтказилади.
Ўзбекистон дзюдо федерацияси матбуот хизматидан маълум қилишларича, мамлакатимизнинг умидли спортчилари тажрибали мураббийлар Нелья Киямова, Муқаддас Кубеева, Рафгат Измайлов, Улуғбек Азизов бошчилигида мазкур чемпионатга ҳозирлик кўрмоқда.

Машғулотлар Ўзбекистон дзюдо федерацияси мажмуасининг спорт залида кунига икки маҳалдан олиб борилмоқда.
– Италияга йўл оладиган таркиб масаласида мураббийлар штабида иш олиб борилмоқда. Қувонарлиси, Италия татамиларида иштирок этишга ҳар бир вазнда 2-3 нафардан муносиб номзодлар бор. Айнан шу ёшларимиз келажакда терма жамоамизнинг асосини ташкил этиши боис машғулотда ва машғулотдан ташқари жараёнда ҳар бир спортчининг ҳатти-ҳаракатига алоҳида эътибор қаратмоқдамиз. Жаҳон чемпионатида қатнашадиган асосий таркиб яқин кунларда эълон қилинади, – дейди терма жамоа мураббийи Муқаддас Кубеева.

Сардиния оролларига туташ хушманзара Олбия шаҳарчасида ўтадиган чемпионатда 69 давлатнинг 438 нафар спортчиси қатнашиши халқаро дзюдо федерацияси рўйхатида қайд этилган. Айтиш лозимки, шундан 252 нафари эркак, 186 нафари эса хотин-қиз дзюдочилардир.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА