Дзюдо: Уч медалнинг завқи
Хабар берганимиздек, пойтахтимиздаги “Юнусобод” спорт мажмуасида дзюдо бўйича "Париж-2024" Олимпиадасига рейтинг очколари тақдим этадиган "Катта Дубулға" турнири давом этмоқда.
Халқаро турнирнинг биринчи кунги баҳсларида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари муносиб натижаларга эришди.
60 килограмм вазнда юртимиз шарафини ҳимоя қилган Достон Рўзиев саралаш баҳсларида муваффақиятли иштирок этиб, франциялик Ромарик Боуда билан бронза медали учун кураш олиб борди ва шиддатли беллашувда ғалабага эришди.

Шунингдек, 66 кило оғирликда қатнашган Мухриддин Тиловов ҳам бронза медали учун курашда француз вакили билан рўбарў келди ҳамда очколар ҳисобида рақибини мағлуб этди. Мухриддин Тиловов мазкур ғалабаси туфайли Халқаро дзюдо федерацияси тизимида ташкил этиладиган 3 карра "Катта Дубулға" турнирларида учинчи марта совриндорликка эришишга муваффақ бўлди.
Ушбу вазнда баҳс олиб борган спортчимиз Сардор Нуриллаев олтин медал масаласида тожикистонлик Нурали Эмомалига қарши татамига чиқди.
Барча учрашувларни омадли ўтказган Сардор сўнгги беллашувда кумуш медал билан кифояланди.
Халқаро турнирнинг илк кунги баҳсларида совриндорликка эришган Мухриддин Тиловов ва Достон Рўзиев пул мукофотларидан ташқари, "Париж-2024" Олимпия ўйинларининг 500 рейтинг очкоси, кумуш медал соҳиби Сардор Нуриллаев эса 700 рейтинг очкосини қўлга киритди.

Халқаро турнирнинг биринчи кунги баҳслари сарҳисобига кўра, Тошкент беллашувларида қатнашаётган 49 та давлатнинг 13 таси у ёки бу даражадаги совринларга сазовор бўлди.
Шундан бешта давлат вакиллари олтин медалларга эга чиққан. Умумий медаллар ҳолатида Ярпония, Германия, Жанубий Корея, Тожикистон ва Сербия вакиллари 1 тадан олтин медалга эга бўлиб турибди.
Бугун, 4 март куни "Катта Дубулға" турнирининг бир қатор вазнларида ғолиб ва совриндорлар аниқланади.
Жумладан, эркаклар 73, 81 килограммда, қизлар 63 ва 70 килограммда медаллар учун кураш олиб боради.
Т.Рўзиев,
ЎзА