Дунёнинг ёш кимёгарлари Тошкентда билимларини синовдан ўтказади
58-халқаро кимё олимпиадаси (IChO 2026) — дунё мактаб ўқувчилари ўртасида кимё фани бўйича ўтказиладиган энг нуфузли ва йирик халқаро беллашув бўлиб, жорий йилда ушбу йирик воқеликка илк бор Ўзбекистон мезбонлик қилмоқда.
58-Халқаро кимё олимпиадаси (IChO 2026) доирасида жаҳонинг кўплаб давлатларидан делегациялар пойтахтимизга келди.
Олдинда иштирокчиларни қизиқарли беллашувлар, янги тажрибалар ва унутилмас учрашувлар кутмоқда. Ишонамизки, Ўзбекистонда ўтказиладиган ҳар бир кун ўқувчи-ёшлар учун билим ва унутилмас хотирага бой бўлади.
Олимпиада 2026 йилнинг 10–19 июль кунлари Ўзбекистоннинг кўҳна ва навқирон пойтахти Тошкент шаҳрида бўлиб ўтмоқда. Халқаро кимё олимпиадаси (IChO) 1968 йилдан буён ўтказиб келинаётган бўлса, мазкур мусобақа Марказий Осиё минтақаси тарихида илк бор Ўзбекистон тупроғида ташкил этилмоқда.
Глобал миқёсдаги ушбу илм-фан байрамида дунёнинг кўплаб мамлакатларидан келган энг иқтидорли мактаб ўқувчилари, таниқли олимлар ва соҳа экспертлари иштирок этмоқда. Олимпиаданинг расмий шиори эса "Элементларни ўзгартириб, дунёни бирлаштириш" (Transforming Elements, Connecting the World) деб номланган.
Ёш кимёгарлар олимпиада давомида ўзларининг чуқур билимлари, мантиқий фикрлашлари ва илмий тайёргарликларини иккита асосий — назарий ва амалий (лаборатория) босқичларда синовдан ўтказади.
Мамлакатимиз қонунчилигига мувофиқ, мазкур нуфузли олимпиадада совринли ўринларни қўлга киритган ўзбекистонлик ўқувчилар ва уларнинг устозлари давлат томонидан бир марталик пул мукофотлари ҳамда олий таълим муассасаларига имтиёзли кириш ҳуқуқи билан тақдирланади.
Ушбу нуфузли тадбирнинг Ўзбекистонда ўтказилиши мамлакатимизнинг халқаро илмий майдондаги обрў-эътиборини юксалтириш билан бир қаторда, юртимиздаги билимга чанқоқ ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини бутун дунёга намойиш этиш учун беқиёс майдон вазифасини ўтамоқда.
Назокат Усмонова, ЎзА мухбири