Дунёнинг етакчи стартапчилари мамлакатимиз тадқиқотчилари билан учрашди
Y Combinator (YC)да ўқиган 6 нафар асосчи Тошкент, Наманган, Андижон, Фарғона, Жиззах, Самарқанд ва Бухорога бориб, бир ҳафта давомида стартап асосчилари, дастурчилар, муҳандислар ва тадқиқотчилар билан учрашди.
Y Combinator (YC) - бу дунёдаги энг машҳур ва нуфузли стартап акселераторларидан бири бўлиб, унинг дастурида таҳсил олган ёки ундан муваффақиятли ўтган минглаб таниқли тадбиркорлар мавжуд.
Бугунги кунда рақамли дунёнинг энг юқори чўққисида, дунёдаги энг нуфузли стартап акселератори — Y Combinator туради. У нафақат миллиард долларлик компанияларни, балки бутун бошли соҳалар қоидаларини ўзгартириб юборган янги авлод тадбиркорларини тарбиялаб чиқарди.

Мазкур учрашувда ҳам асосчилар билан алоҳида учрашувлар ўтказилиб, МВП яратиш, маркетинг, маҳсулотни сотиш, даромад олиш ва стартапни кейинги босқичга олиб чиқиш каби масалалар муҳокама қилинди.
Суҳбатларда эса стартапни нолдан бошлаш, асосчи нималарга эътибор бериши, Ўзбекистон стартап экотизими, руҳий саломатлик ва чарчаб қолишнинг олдини олиш каби мавзуларда очиқ фикр алмашилди.

Ҳафта якунида эса иштирокчилар Тошкентда жамланиб, Y Combinator’да ўқиган асосчилар, маҳаллий стартап жамоалари ва венчур фондлари вакиллари иштирокидаги якуний тадбир билан дастурни якунлади. Лекин, унда бошланган янги ғоялар ва алоқалар энди ўз йўлини бошламоқда.
Г.Бобоева,
ЎзА