Дунёнинг энг йирик трансмиллий IT - гигантлари юртимизга кириб келишига оид ҳуқуқий асос яратилмоқда
Сенатнинг ялпи мажлисида «Рақамли технологиялар халқаро маркази тўғрисида»ги конституциявий қонун муҳокама қилинди.
Мазкур қонун Сенатнинг ўн еттинчи ялпи мажлисида кўриб чиқилиб, уни такомиллаштириш бўйича таклифлар билан бирга Қонунчилик палатасига юборилган эди. Шундан сўнг, сенаторлар ва Қонунчилик палатаси депутатларидан иборат келишув комиссияси манфаатдор давлат органлари ҳамда ташкилотлар вакилларини жалб қилган ҳолда ҳужжатни қайта ишлади.
Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси Одилжон Маматкаримовнинг таъкидлашича, қонун билан республикамиз IT-парки ҳудудида инглиз ҳуқуқи тамойиллари асосида фаолият юритувчи «Enterprise Uzbekistan» рақамли технологиялар халқаро марказининг ҳуқуқий пойдевори яратилмоқда. Ушбу марказни ташкил этиш, фаоллаштириш, унинг чегараларини ўзгартириш, стратегик бошқарув, асосий мансабдор шахсларни тайинлаш ҳамда бошқа муҳим масалалар Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон ва қарорларига асосан амалга оширилиши белгиланмоқда.

Қонунга кўра, мослашувчан солиқ ва божхона режими ўрнатилиб, айрим фаолият турлари солиқлардан озод қилинади. Шунга мос равишда, асбоб-ускуналар, технологиялар ва материалларни олиб киришнинг соддалаштирилган тартиби жорий этилади. Шу билан бирга, марказ иштирокчиларини қўллаб-қувватлаш учун «ягона дарча» тамойили асосида рўйхатга олиш ва бошқариш тизими яратилиб, интеллектуал мулк ҳамда инвестициялар ҳимояси кафолатланади.
Марказ фаолиятининг йўлга қўйилиши 2030 йилга қадар рақамли хизматлар экспортини 5 миллиард АҚШ долларига етказиш, иқтисодиётда юқори даромад келтирувчи 300 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратиш ва иқтидорли ёшларни ватанимизда туриб жаҳон миқёсидаги маошлар билан таъминлашга мустаҳкам замин яратади.

Бундан ташқари, қонуннинг қабул қилиниши хорижий инвесторларнинг мулкий ва интеллектуал ҳуқуқлари халқаро стандартлар даражасида кафолатланишини таъминлайди. Бу эса Apple, Google, Microsoft, Amazon каби дунёнинг энг йирик трансмиллий IT-гигантларининг мамлакатимизга тўғридан-тўғри кириб келишига ҳуқуқий асос бўлади.
Сенаторлар томонидан маъқулланган ушбу конституциявий қонун IT соҳасининг ялпи ички маҳсулотдаги улушини оширишга, рақамли секторга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этишга, янги иш ўринларини яратишга ва IT-хизматлар экспорти ҳажмини оширишга хизмат қилади.
Н.Абдураимова, Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА