Дунёнинг энг кучли сузувчилари Тошкентда жам бўлади
Жорий йилнинг 8–10 октябрь кунлари Тошкент шаҳридаги "Олимпия шаҳарчаси"нинг Сув спорти саройида сузиш бўйича жаҳон кубогининг 2026 йилги иккинчи босқичи ўтказилади.
«Ипак йўли» тури доирасида ташкил этилаётган мусобақада 40 давлатдан 228 нафар спортчи иштирок этади. Ўзбекистон терма жамоаси таркибида 51 нафар сузувчи стартга чиқади.
Мусобақа дастуридан аёллар ва эркаклар ўртасида жами 34 та индивидуал йўналиш ўрин олган. Унда спортчилар 50, 100, 200 ва 400 метрга эркин усулда, 50, 100 ва 200 метрга чалқанча усул, брасс ва баттерфляйда, шунингдек, 100, 200 ва 400 метрга комплекс сузиш бўйича баҳс олиб боради. Аёллар 1500 метрга, эркаклар эса 800 метрга эркин усулда стартга чиқади.
8 октябрь куни саралаш баҳслари соат 10:00 да бошланиб, финаллар соат 19:00 да ўтказилади. 9 ва 10 октябрь кунлари эса саралашлар соат 10:00 да, финаллар соат 18:00 да старт олади.
Тошкентдаги мусобақада жаҳон сузиш спортининг таниқли вакиллари ҳам қатнашади. Жумладан, Олимпия чемпиони Камерон Макэвой ва тўрт карра Олимпия медали соҳиби Шивон Хоги каби спортчилар иштирокчилар сафидан жой олган. Ўзбекистон терма жамоаси таркибида Элдор Усмонов, Илья Сибирцев, Хуршиджон Турсунов, Анастасия Зеленская, Паризод Абдукаримова, Осиёхон Режапова ва Нигина Шарафова каби сузувчилар мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилади.
Тошкент босқичи 25 метрлик бассейнда ўтказилади. 2026 йилги жаҳон кубоги «Ипак йўли» тури доирасида уч босқичдан иборат бўлиб, биринчи босқич 1–3 октябрь кунлари Боку шаҳрида ўтказилди. Мусобақанинг учинчи босқичи 15–17 октябрь кунлари Остона шаҳрида бўлиб ўтади.
Мусобақанинг умумий соврин жамғармаси 1,2 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Бу сумма жаҳон рекордини ўрнатган ҳамда уч босқич якунида «Crown» соҳибига айланган спортчилар учун қўшимча мукофотларни ўз ичига олмайди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА