Дунёдаги энг ғаройиб мевалар (+видео)
Бу қизиқ…
Қуёшнинг заррин нурлари остида пишиб етилган хилма-хил меваларни кўриб, кўзингиз қувнайди. Бу ширин меваларни емабсиз, бу дунёга келмабсиз. Бироқ, дунёда шундай ғайриоддий мевалар борки, уларни бир кўришда мева демайсан, киши.
Татиб кўришнику, гапирмаса ҳам бўлаверади. Бугун сизларга ана шундай ғайриоддий мевалардан баъзилари ҳақида маълумот берамиз.
Дастлаб атемоя ҳақида фикр юритамиз. Ушбу мева АҚШга сунъий равишда олиб келинган бўлиб, ўзида манго ва ананас таъмини бирлаштира олади. Мағзи сметанага ўхшайди ва оғизда эрийди.
Жануби-шарқий ҳудудларда ўсувчи салак эса бутун дунёда ўз мевалари билан машҳур. Пўстлоғи илоннинг терисига ўхшайди. Меваси тетиклаштирувчи мазали бўлиб, бир вақтнинг ўзида ананас, банан ва ёнғоқнинг таъмини бера олади.
Хитой ва Японияда тарқалган бармоқсиз ситрон бинафша ҳидга эгалиги билан одамлар эътиборини тортади. Меванинг усти қалин пўст билан қопланган бўлиб , нордон-аччиқ таъмга эга бўлади.
Янги Зеландияда ўсувчи кивано ўзининг жилокор кўриниши билан бошқа мевалардан ажралиб туради. Усти сариқ, ичи яшил бўлганлиги учун желега ҳам ўхшатишади. Киванонинг таъми бодринг, авакадо ва банан ноталарини бирлаштиради. Тропикда ўсувчи дуриан хушбўй ҳиди билан машҳур бўлиб, саримсоқ, чириган тухум ва пиёзнинг ҳидини хушбўйлаштиради. Шу билан бирга, бодомнинг хушбўй ҳидига эга эканлиги билан ажралиб туради.
Парҳез маҳсулот ҳисобланган Питая дастлаб Марказий ва Жанубий Америкада пайдо бўлган. Питаянинг таркибида минимал калория бор.
Бундан ташқари, унинг гуллари шифобахшлиги учун кунлик рационда истеъмол қилинади. Ўзида ананас таъмини бирлаштира олган пандан Африка, Австралия ва Жануби-шарқий Осиё мамлакатларида ўсади.
Меваси сариқ, шарбати эса тўқ-қизил рангда бўлади. Навбатдаги ажойиб мева рамбутан. Бу «Ўзга сайёралик мева» дунёнинг барча тропик мамлакатларида топилади. Мева номи малайзия тилида «сочли» деган маънони англатади. Ушбу тотли мева қизил ва туклари кўп бўлганда пишган ҳисобланади. Ўртасидан иккига ажратиб, ичидаги оппоқ эти ейилади. Уруғи ва пўстини еб бўлмайди.
<iframe width="1280" height="720" src="https://www.youtube.com/embed/xK8TN9b7_po" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture" allowfullscreen></iframe>Зарнигор Низомова, Нозимбек Мардонов (видео), ЎзА