Дунё хабарлари қисқа сатрларда
Қисқа, аниқ ва ишончли ахборот – глобал дунёда тезкор хабардорлик гарови. ЎзА жаҳонда содир бўлаётган энг муҳим воқеаларни қисқа сатрларда тақдим этади.
Стармер технология гигантларига талаб қўйди

Буюк Британия бош вазири Кир Стармер йирик технология компанияларини болаларни интернетдаги нохуш контентдан ҳимоя қилиш бўйича кескин чоралар кўришга чақирди. Унинг айтишича, смартфон ва планшетларда болаларнинг турли нохуш тасвирлар юбориши ёки қабул қилишини автоматик равишда тўсадиган тизимлар жорий қилиниши шарт. Бу талаб биринчи навбатда “Apple”, “Google” ва бошқа йирик платформаларга қаратилган. Агар компаниялар уч ой ичида амалий қадам ташламаса, ҳукумат янги қонунчилик чораларини ишга туширишини маълум қилди.
Лондон ушбу ташаббус болаларни интернет орқали содир этиладиган эксплуатация, шантаж ва бошқа хавфлардан муҳофаза қилишга қаратилганини таъкидламоқда. Ҳукумат маълумот йиғиш ёки фойдаланувчиларни кузатиш режалаштирилмагани, барча текширувлар қурилманинг ўзида амалга оширилишини билдирган. Шу билан бирга, махфийлик ҳуқуқлари ҳимоячилари бундай технологиялар келажакда шахсий ҳаёт дахлсизлигига таҳдид солиши мумкинлигидан хавотир билдирмоқда.
Суд Трампнинг 100 минг долларлик виза йиғимини тўхтатди

АҚШ федерал суди президент Дональд Трамп маъмуриятининг юқори малакали хорижлик мутахассисларни ишга олиш учун 100 минг долларлик йиғим жорий этиш режасини блоклади. Судя Лео Сорокин мазкур қарор Конгресс розилигисиз қабул қилинганини ва амалда янги солиқ жорий этишга тенг эканини таъкидлади. Шу тариқа, H-1B визаси орқали чет эллик мутахассисларни жалб қилаётган компаниялар ва таълим муассасалари ҳозирча қўшимча молиявий юкдан қутулиб қолди.
Трамп маъмурияти эса қарор устидан шикоят қилишини маълум қилди. Оқ уй H-1B дастури йиллар давомида суиистеъмол қилингани ва америкаликлар учун иш ўринларига босим ўтказаётганини таъкидламоқда. Танқидчилар фикрича, 100 минг долларлик йиғим университетлар, тиббиёт муассасалари ва юқори технологиялар соҳасидаги иш берувчилар учун жиддий муаммолар туғдириши мумкин эди.
Исроил Ливандаги ҳужумларни давом эттирмоқда

Ливан жанубида Исроил амалга оширган ҳаво ҳужумлари оқибатида камида 14 киши ҳалок бўлди. Зарбалар Тир ва Марвония шаҳарларини нишонга олган бўлиб, қурбонлар орасида аёллар, болалар ҳамда халқаро “Қизил Хоч” жамияти ходимлари борлиги хабар қилинмоқда. Шу тариқа, Исроил ва Эрон ўртасидаги сўнгги қарама-қаршилик юмшагандек кўринган бир пайтда Ливан фронтида вазият яна кескинлашмоқда.
Эрон Исроил Ливанга ҳужумларни тўхтатмаса, ракетавий зарбалар қайта бошланиши мумкинлигидан огоҳлантирди, бироқ Исроил мудофаа вазири Исраэль Кац бу таҳдидлар Тель-Авив сиёсатига таъсир қилмаслигини билдириб, “Ҳизбуллоҳ”га қарши операциялар давом этишини маълум қилди. Ливан расмийларига кўра, март ойидан буён мамлакатдаги тўқнашувлар қурбонлари сони 3,6 минг нафардан ошган ва можаро тобора кенгроқ минтақавий инқироз тусини олмоқда.
Франция ва ГФР қўшма қирувчи самолёт ишлаб чиқариш лойиҳасини бекор қилди

Франция ва Германия Европа ҳарбий саноатининг энг йирик лойиҳаларидан бири ҳисобланган FCAS (Future Combat Air System) дастурининг асосий қисми — янги авлод қирувчи самолётини яратиш ташаббусидан воз кечишга қарор қилди. Лойиҳа 2017 йилда Франциянинг “Rafale” ва Германия ҳамда Испания қўллаётган “Eurofighter” самолётларини алмаштириш мақсадида бошланган эди. Бироқ “Dassault Aviation” ва “Airbus” компаниялари ўртасида раҳбарлик, иш тақсимоти ва интеллектуал мулк ҳуқуқлари бўйича йиллар мобайнида давом этган келишмовчиликлар бартараф этилмади. Бу қарор Европа давлатларининг мудофаа соҳасида янада яқин ҳамкорлик қилиш режалари учун жиддий зарба сифатида баҳоланмоқда.
Шунга қарамай, лойиҳанинг барча қисмлари тўлиқ тўхтатилмайди. Ҳаво кемалари, дронлар ва бошқа қурол тизимларини ягона рақамли тармоққа боғлашга хизмат қилувчи “Combat Cloud” платформаси бўйича ишлар давом эттирилади. Энди Франция мустақил равишда “Rafale”нинг янги авлодини ишлаб чиқишга эътибор қаратиши, Германия эса бошқа халқаро ҳамкорлар билан янги вариантларни кўриб чиқиши мумкин.
ЖЧ-2026 атрофидаги киберҳужумлар: фирибгарлар ҳам “майдонга” тушди

ФИФА Жаҳон чемпионати бошланиши арафасида кибержиноятчиларга қарши махсус кампанияларни ишга туширди. Мутахассислар маълумотига кўра, йил бошидан буён ЖЧ мавзусида 13 мингдан ортиқ веб-сайт яратилган бўлиб, уларнинг қарийб 8 фоизи зарарли ёки шубҳали деб топилган. Фирибгарлар расмий ФИФА сайти ёки билет сотиш платформаларига ўхшаш сохта ресурслар орқали фойдаланувчиларнинг банк картаси маълумотлари, шахсий ахбороти ва аккаунтларига оид маълумотларни қўлга киритишга уринмоқда. Айниқса, чипталар, меҳмонхона ва транспорт хизматлари таклиф қилинган “шошилинч акциялар” энг хавфли усуллардан бири сифатида қайд этилмоқда.
Кибержиноятчилар ижтимоий тармоқлар ва мессенжерларда ҳам фаоллашган. “Facebook”, “Instagram” ва “Telegram” платформаларида минглаб сохта профиллар яратилган бўлиб, улар орқали иш таклифлари, бепул трансляциялар ёки букмекерлик хизматлари тарқатилмоқда. Экспертлар мухлисларга ҳар қандай ҳавола ёки таклифни текширмасдан очмасликни, фақат расмий манбалардан фойдаланишни тавсия қилмоқда.
Си Цзиньпин Пхенянда: Пекин КХДР билан иттифоқни мустаҳкамламоқда

Яқинда ХХР раиси Си Цзиньпин Корея Халқ Демократик Республикасига ташриф буюриб, икки давлат муносабатларини “янги юксакликларга олиб чиқиш” ниятини билдирди. Пхенянда уни Ким Чен Ин шахсан кутиб олди, шаҳар марказида эса кенг кўламли тантанали маросим ташкил этилди. Томонлар савдо, технология, қишлоқ хўжалиги ва инфратузилма соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.
Учрашувлар давомида КХДРнинг ядровий дастури масаласи очиқ муҳокама қилинмагани эътибор тортди. Экспертлар фикрича, бу Пхеньян учун муҳим сиёсий сигнал сифатида баҳоланмоқда, чунки мамлакат ўзини ядровий давлат сифатида тан олдиришга интилмоқда. Шу билан бирга, Хитой Шимолий Корея билан яқин алоқаларни сақлаб қолиш орқали АҚШ билан муносабатларда қўшимча геосиёсий таъсир воситасига эга бўлишни кўзламоқда. Таҳлилчиларга кўра, Пхеньяндаги музокаралар нафақат икки давлат муносабатлари, балки бутун Шарқий Осиёдаги кучлар мувозанати учун ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Мусулмон Зиё, ЎзА