Дунё хабарлари қисқа сатрларда
Қирғизистон ва Тожикистон чегара шартномасини имзолайди
Қирғизистон ва Тожикистон Президентлари Садир Жапаров ва Эмомали Раҳмон Бишкекда бўлиб ўтадиган учрашувда чегара шартномасини имзолаш ниятида. Бу ҳақда журналистларга Қирғиз Республикаси етакчиси маъмурияти ташқи сиёсат бўлими бошлиғи Муратбек Азимбоқиев маълум қилди.
Қозоғистон ва Озарбайжон ўзаро товар айланмасини 1 миллиард долларга етказмоқчи
Озарбайжон ва Қозоғистон ташқи ишлар вазирлари Остонадаги кенгайтирилган музокара чоғида стратегик шерикликни сиёсий, иқтисодий, савдо ва транспорт-коммуникация соҳаларида янада ривожлантириш масаласини муҳокама қилди. Қозоғистон ташқи ишлар вазири Мурат Нуртлеу мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш қийматини 1 миллиард доллар, Ўрта йўлак бўйлаб транзит миқдорини 10 миллион тоннага етказиш режасини маълум қилди.
Фаластин давлати тузилса, ХАМАС қуролни ташлайди
ХАМАС ҳаракати мустақил Фаластин давлатини яратишга қаратилган сиёсий жараённи ижобий якунлаш шарти билан қуролини ташлашга тайёр. Бу ҳақда душанба куни “Asharq Al-Awsat ” газетаси хабар тарқатди.
– Ҳаракат ҳеч бир томон олдида қуролсизланишга рози бўлиш мажбуриятини олмаган ва бу масала Фаластиннинг ички иши, – деган нашр суҳбатдоши. –ХАМАС Фаластин давлатини яратишга имкон берадиган аниқ сиёсий жараён бошланган тақдирдагина қуролини ташлашга рози бўлиши мумкин.
Трамп инаугурациясида иштирок этган миллиардерлар
209 миллиард доллар йўқотган
20 январь куни бойлиги қимматли қоғозлар бозори ўсиши туфайли рекорд даражага етган йирик тадбиркорлардан беш нафари – Маск, Безос, Цукерберг, Арно ва Бринга қарашли компаниялар ҳозиргача жами 209 миллиард доллар йўқотди, деб ёзган “Bloomberg” агентлиги. Зарарнинг асосий сабаби давлат ходимларининг оммавий равишда ишдан бўшатилиши ва Трамп сиёсатидаги, айниқса, тарифлар бўйича ноаниқлик билан боғлиқлиги айтилмоқда.
Урсула фон дер Ляйен: ЕИ мудофаа саноати Россияникидан ортда
– Ҳарбий харажатга реал қарасак, Россия бутун Европага қараганда кўпроқ маблағ сарфлаётганини англаймиз, – деди Европа Комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен Страсбургда Европарламент ялпи мажлисида. – Қитъада ишлаб чиқариш даражаси ҳамон паст. Биз дуч келадиган эҳтимолий таҳдид доираси кун сайин кенгаймоқда. Мудофаа харажатига ялпи ички маҳсулотнинг 3 фоизидан кўпроғини сарфлашимиз керак.
Аввалроқ у ЕИ мамлакатлари раҳбарларига ҳарбий харажат ва мудофаа соҳасида ишлаб чиқаришни кўпайтириш учун тўрт йил давомида 800 миллиард еврога яқин маблағ сафарбар қилинишига қаратилган “REArm Europe” режасини тақдим этганди.
Украина дунёдаги энг йирик қурол харидорига айланди
Стокгольм тинчлик муаммолари тадқиқот институти ҳисоботига кўра, Россия – Украина уруши бошлангандан кейин камида 35 давлат Украинага қурол етказиб берган.
Асосий таъминотчилар – АҚШ (45 фоиз), Германия (12 фоиз) ва Польша (11 фоиз). Қайд этилишича, Киевга ҳарбий аслаҳа импорти қарийб 100 баробар ошган. Мамлакат жами жаҳон қурол-яроғининг 8,8 фоизини олган.
НАТО ЕИ ва Туркия ҳамкорлигини чуқурлаштиришга чақирмоқда
НАТО Бош котиби Марк Рютте Европа Иттифоқи етакчиларини Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоғон билан ҳамкорликни кучайтиришга чақирди ва хавфсизлик соҳасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш учун келишмовчиликни четга суриб қўйиш кераклигини таъкидлади.
“Financial Times” газетаси ёзишича, бундай ёндашув АҚШ Президенти Дональд Трамп маъмуриятининг Европа хавфсизлигига оид позицияси ўзгариши билан боғлиқ.
Умуман, Брюссель кўҳна қитъа мудофаа салоҳиятини ошириш мақсадида ҳамкорлик доирасини кенгайтириш имкониятини ўрганмоқда.
С.Раҳимов тайёрлади.
ЎзА