Дунё хабарлари қисқа сатрларда
-
Трамп Россия, АҚШ ва Украина вакиллари учун учрашув жойини белгилади
– Уч давлат юқори мартабали вакиллари Хавфсизлик конференцияси доирасида учрашади, – деди Президент Дональд Трамп Оқ уйда.

– Жума куни Мюнхенда одамларимиз бўлади, Россия ҳам, Украина ҳам таклиф этилган.
Мюнхенда уч кунлик анжуман бошланди. Россия 2022 йил мазкур йиғинда иштирок этишдан бош тортган, 2023 йил эса Кремль вакиллари тадбирга таклиф қилинмаган. Бу гал АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс, Украина Президенти Владимир Зеленский ва Германия канцлери Олаф Шольц иштирок этиши кутиляпти.
Хитой АҚШни ҳарбий харажатни қисқартиришда илғор бўлишга чақирди

Қўшма Штатлар доим “энг муҳими Америка” тамойилига амал қилади, шундай экан, ҳарбий харажатни қисқартиришда ҳам етакчилик қилиб, бошқаларга ўрнак бўлиши керак, деди Хитой Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Гуо Жиакун журналистлар билан учрашувда.
Дипломат таъкидлашича, 2024 йил АҚШ ҳарбий харажати жаҳон улушининг 40 фоизини ташкил қилган. 2025 молия йили учун Америка мудофаа бюджети 895 миллиард доллар.
Аввалроқ Трамп Россия Президенти Владимир Путин ва ХХР Раиси Си Цзиньпин билан уч томонлама саммит ўтказиш ниятини билдириб, учрашувда ҳар учала давлат ҳарбий бюджетини ярмигача қисқартириш бўйича таклиф киритмоқчилигини айтганди.
Европа Парламенти Грузия ҳокимияти ноқонунийлигини эълон қилди

Европарламент депутатлари 2024 йил 26 октябрда бўлиб ўтган парламент сайловидан сўнг ҳукмронлик қилаётган “Грузия орзуси” партияси, жумладан янги тайинланган Президент Кавелашвилини тан олмаслик тўғрисида резолюция қабул қилди. Ташкилот Саломе Зурабишвилини Грузиянинг қонуний Президенти, деб ҳисоблашда давом этишини билдириб, Европа кенгаши раиси Коштани бўлажак йиғилишларга мамлакат вакили сифатида айнан Зурабишвилини таклиф қилишга чақирди.
Ҳужжатда Грузия учун мавжуд инқироздан чиқишнинг ягона йўли қайтадан парламент сайлови ўтказиш экани таъкидланган. ЕП депутатлари сайлов яқин ойларда халқаро кузатувчилар иштирокида ўтиши керак, деб ҳисоблайди.
Макрон АҚШнинг Украинага нисбатан талабидан кейин
ноодатий баёнот билан чиқди

– Оқ уйнинг Украина бўйича сўнгги изоҳидан келиб чиқиб, Европа давлатлари дунёдаги ўрнини қайта кўриб чиқиши керак, – деди Франция Президенти Эммануэль Макрон “Financial times” нашрига берган интервьюсида. – Трамп Европага биз энди масъулиятни ўз зиммамизга олишимиз кераклигини айтмоқда. Ишонаманки, биз айнан шундай қилишимиз керак.
У Трампнинг ҳаракатларидан ажабланмаётганини қўшимча қилди. Макроннинг фикрича, Америка етакчисининг қарорлари Европага манёвр қилиш имконини беради:
– Бу электр токи уришига ўхшайди. Бизни ташқаридан ҳам, ичкаридан ҳам силкитиш керак. Европаликлар учун бу қаттиқ зарба бўлади. Стратегик уйғонишга эришиш учун қитъа мудофаа харажатини сезиларли даражада ошириши, иқтисодий ўсишни кучайтириши ва барча саноат тармоқларини қайта кўриб чиқиб, бирлаштириши керак.
АҚШ Давлат департаменти элчихоналарга ходимларни қисқартириш режасини бошлашни буюрди

АҚШ Давлат департаменти бутун дунёдаги элчихоналарга ходимларни қисқартириш бўйича режа туза бошлаш ҳақида кўрсатма берди. Жараённинг бир қисми сифатида юқори лавозимли дипломатик мансабдор шахслардан доимий ва вақтинча ишчилар тўлиқ рўйхатини тақдим этиш, уларнинг фаолиятига баҳо бериш сўралган. Мазкур қарор Америка фуқароларига ҳам, маҳаллий ходимларга ҳам тегишли.
Бу кўрсатма Трамп Давлат департаменти ходимлари, жумладан элчихона ходимларидан амалдаги маъмуриятнинг ташқи сиёсатдаги мақсадларига мувофиқ ҳаракат қилиши талаб қилинган фармойишни имзолашидан бироз олдин берилган.
Сурия бўйича Париж конференцияси якунланди

13 февраль куни Парижда Сурия бўйича халқаро конференция бўлиб ўтди. Анжуманда 20 га яқин Европа ва араб давлати, жумладан Франция, Буюк Британия, Германия, Туркия вакиллари, шунингдек Суриядан ташқи ишлар вазири Аш-Шибоний бошчилигидаги делегация қатнашди.
Конференция сўнгида имзоланган якуний баёнотда барча иштирокчилар “Сурия ҳукумати бошчилигидаги механизм доирасида ўтиш босқичи муваффақиятини таъминлаш учун бирга ҳаракат қилиши зарур”лиги қайд этилган. Франция ташқи ишлар вазири Баррот ҳужжатни имзолаган давлатлар Сурияга ёрдам кўрсатиш бўйича саъй-ҳаракатни мувофиқлаштирадиган ишчи гуруҳ тузишга келишиб олганини айтди.
Конференция Аш-Шибоний Президент Макрон ва бошқа иштирокчи мамлакатлар вакиллари билан алоҳида учрашувлар ўтказган.
АҚШ Россияни огоҳлантирди

Агар Путин Киев билан тинчлик келишувига рози бўлмаса, АҚШ Россияга қарши янги санкция жорий этиши ва Украинага қўшин юборилишини истисно этмайди. Бу ҳақда мамлакатдаги иккинчи шахс – вице-президент Вэнс “The Wall Street Journal” газетасига берган интервьюсида маълум қилган.
Унинг фикрича, Украина ҳудудининг қайси қисми Россия назорати остида қолиши ёки АҚШ ва бошқа Ғарб иттифоқчилари Киевга қандай хавфсизлик кафолати тақдим этиши мумкинлигини айтишга ҳали эрта.
Нашр вице-президентнинг баёноти Трамп маъмурияти томонидан ҳозиргача Украинага берилган ҳал қилувчи ёрдам бўлганини таъкидлаган. Вэнс, шунингдек, “кўпчиликни ҳайратга соладиган” муваффақиятли келишувдан кейин Россия билан муносабатни тиклаш таклифини киритган. Яъни, “Ғарб бозоридан четлатиш Москвани Пекиннинг кичик ҳамкорига айлантиради”.
АҚШ ва Ҳиндистон энг йирик савдо йўлларидан бирини яратади
С.Раҳимов, ЎзА