Дунё хабарлари қисқа сатрларда
АҚШ Европадаги иттифоқчиларига Украина учун Америка қуролларини сотиб олишни таклиф этмоқда.
Бу ҳақда “Reuters” агентлиги хабар тарқатди. Қайд этилишича, бу мавзуни Украина бўйича махсус элчи Кит Келлог 14-16 февраль кунлари бўлиб ўтадиган Мюнхен хавфсизлик конференцияси доирасида, европаликлар билан музокара чоғида кўтаради.

Хуллас, Трамп маъмурияти “кўп маблағ сарфламасдан” Киевга АҚШ қуроллари етказиб берилишини давом эттириш йўлларини кўриб чиқмоқда.
Афғонистонда банк биноси портлади

Афғонистон шимолидаги Қундуз вилоятида банк биноси ёнида портлаш кузатилди, деб ёзди “Shamshad” янгиликлар портали маҳаллий полиция маъмуриятига таяниб.
– Ҳодиса эрталаб “Kabul” банки олдида содир бўлди, – дейилган хабарда.
Портлаш давлат ходимлари иш ҳақи олиш учун банк ёнида йиғилган пайт содир бўлган. Қурбонлар ва жароҳатланганлар ҳақида ҳозирча маълумот берилмаган.
Арабика қаҳваси нархи рекорд даражада кўтарилди

Арабика навли қаҳванинг биржа нархи яна бир бор янги тарихий рекорд ўрнатиб, бир тонна учун 9 500 долларга чиқди. Душанба кунги савдодан сўнг фьючерс нарх 6,8 фоиз ошиб, бир фунт учун 4 319 долларни ташкил этди.
Арабика январда 18 фоиз қимматлашиб, ой охирида илк бор тоннаси 8 000 доллардан ошди. Ҳолбуки, ўтган йил ноябрда бу қиймат 7 000, сентябрда эса 6 000 эди.
БМТ Ямандаги инсонпарварлик фаолиятини тўхтатмоқчи

Бош котиб Антониу Гутерриш шундай қарорга келди, дейилган ташкилот тарқатган хабарда.
Хусийлар январь ойи охирида БМТнинг яна 8 нафар ходимини ҳибсга олган. 2021 йилдан бери ушланганлар 24 нафар. Қайд этилишича, хусийлар декабрь ойида ходимларни ҳибсга олишни тўхтатиш ва уларни озод қилиш йўлини топиш бўйича БМТ билан эришилган келишувни бузган.
Британия разведкаси Москва Суриядаги ҳарбий базаларини ёпаётгани сабабини маълум қилди

Британия разведкаси ҳисоботида айтилишича, Россия Сурияда ўз позициясини мустаҳкамлашга ҳаракат қилмоқда, бироқ Асад билан боғлиқ муаммолар муваффақиятли музокарага тўсқинлик қилмоқда.
Январда рус кемалари Тартусдаги базани тарк этди, бу кучлар қайта тақсимланишини кўрсатиши мумкин. Москва янги ҳукумат билан алоқани давом эттирмоқда, бироқ Сурия расмийларининг РФ бошпана берган Асадга нисбатан салбий муносабати туфайли русларнинг позицияси заиф ҳолатда. Украина билан урушга қарамай, Кремль учун Шарқий Ўрта ер денгизида ҳарбий салоҳиятни сақлаб қолиш муҳим, бироқ Сурияга эътибор сусайиши Россиянинг минтақадаги манфаатига таҳдид солади. Айниқса, янги раҳбарият Асадни экстрадиция қилишни талаб қилаётган бир пайтда.
Қозоғистонда жиноятчилик тарихан энг паст даражага тушди

2024 йил Қозоғистонда жиноятчилик даражаси 11 фоиз камайиб, жами 102 000 шундай ҳолат рўйхатга олинган. Ўтган аср 90-йилларида бу рақам 200 000 дан ошган. Ўтган йилги пасайиш оғир жиноятлар – қотиллик, талончилик ва қуролли ҳужум камайишида ҳам намоён бўлди.
Афсуски, республика Ички ишлар вазирлиги кибержиноят кўпайганини қайд этди. Барча салбий ҳолатларнинг ярми фирибгарлик, жумладан молиявий пирамида билан боғлиқ.
Муаммонинг асосий сабаби молиявий саводхонлик етишмаслиги, полицияга кеч мурожаат қилинишига бориб тақалади, дейилган ИИВ тарқатган хабарда.
Россия – АҚШ алоқалари фаоллашмоқда

Муайян воситалар орқали амалга оширилаётган Россия ва АҚШ ўртасидаги алоқалар анча фаоллашди, деди Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков.
– АҚШ Президенти маъмурияти биз билан боғланганидек, турли идоралар орқали ҳам каналларимиз бор, алоқаларимиз ҳақиқатан фаоллашди, – деган у журналистларга.
Каллас: ЕИ Украина келишувини ўз иштирокисиз қабул қилмайди

Европа Иттифоқи ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати раҳбари Кажа Каллас фикрича, Европа иштирокисиз Украина бўйича келишувга эришиб бўлмайди. У “Corriere della Sera” газетасига берган интервьюсида тузилманинг Украинага ёрдами хайрия эмаслигини ҳам таъкидлади:
– Уруш қитъамизда кечяпти. Бу масала Украинага, шу билан бирга Европага ҳам тегишли. Ҳақиқий тинчликка эришиш учун музокарада ЕИ иштироки зарур. Бусиз ҳеч қандай келишувни кўрмаяпман. Украинага ёрдам бериш хайрия эмас. Биз ўз хавфсизлигимиз учун сармоя киритяпмиз.
С.Раҳимов, ЎзА