Дунё хабарлари қисқа сатрларда
-
Моди Украинага ташрифи олдидан мурожаат билан чиқди
“Hindustan Times” нашри ёзишича, Бош вазир Нарендра Моди жаҳон ҳамжамиятини инсониятга хавф солаётган таҳдидлар қаршисида бирлашишга чақирган:
– Ҳиндистон урушга эмас, тинчликка ишонади. Биз ушбу минтақада тинчлик қарор топиши тарафдоримиз. Инсониятга хавф солаётган таҳдидларга қарши туриш учун бирлашиш керак. Мамлакатимиз дипломатия ва мулоқотдан умидвор.
Моди жума куни Киевга келади. Бу ҳақда Ҳиндистон ТИВ баёнот берган. Мамлакат ташқи сиёсат идораси раҳбари ўринбосари Танмая Лаъл мазкур расмий ташриф Президент Владимир Зеленский таклифига биноан амалга ошаётганини маълум қилган.
Картошка қайси мамлакатда арзон?

Покистон картошка энг арзон сотиладиган давлат экан. Ушбу маҳсулотни энг кўп етиштирадиган Россия эса бу борада 23-ўринни эгаллаган.
“РИА Новости” таҳлилига кўра,Бангладеш, Афғонистон ва Ҳиндистонда ҳам картошка арзон. Беларусь ва Украина ҳам мазкур рўйхатда биринчи ўнликка киритилган.
Энг қиммат картошкани оролларда жойлашган кичик давлатларда учратиш мумкин экан. Бу табиий, чунки айни мамлакатларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун табиий шароит етарли эмас. Бошқа мамлакатдан олиб келиш таннархни оширади. Масалан, Палау, Вануату, Антигуа ва Барбуда шундай ҳудудлар ҳисобланади.
Картошка қиммат юртлар орасида тараққий этган Жанубий Корея ва Монако ҳам қайд этилган. АҚШ арзон йигирмаликдан жой олган.
Киев Россия билан музокарага тайёргарликни бошлаши мумкин

Украина ҳукумати келаётган кузда Россия билан тинчлик музокараси олиб бориш учун ҳозирлик кўришни истаяпти, деб ёзди “Kyiv Independent” нашри Президент Владимир Зеленскийга яқин манбаларга таяниб.
Мақолада “замин тайёрлаш” жараёни қандай кечиши ва нимадан иборат бўлишига аниқлик киритилмаган.
АҚШ авиташувчиси Яқин Шарққа етиб келди
АҚШ авиаташувчиси “Abraham Lincoln” Яқин Шарққа етиб келди. Кемада қирувчи самолётлар бор. Бу хабарни АҚШ Қуролли кучлари марказий қўмондонлиги (CENTCOM) тасдиқлади.
Пентагондагилар минтақага авиаташув қурилмаларига эга янги зарбдор гуруҳ жўнатилгани, муайян ҳудудга қўшимча ракета ҳужумига қарши мудофаа тизими жойлаштирилишини эълон қилди.
– F-35C ва “F/A-18 Block III қирувчи самолётларига эга “USS Abraham Lincoln” мажмуаси Марказий қўмондонлик ихтиёрига берилди, – дейилган баёнотда.
“Грузия орзуси” партияси етакчиси Саакашвилига
Нюрнберг жараёни билан таҳдид қилди
Ҳукмрон “Грузия орзуси” партияси асосчиси ва раиси Бидзин Иванишвили баёнот беришича, кузда бўлиб ўтадиган парламент сайловидан кейин собиқ Президент Михаил Саакашвилининг мухолиф “Ягона миллий ҳаракат” партияси учун Нюрнберг жараёни ташкил қилинади.
Грузияда парламент сайлови 26 октябрь куни ўтказилади.
Аввалроқ Бош вазир Ираклий Кобахидзе “Грузия орзуси” ғалабага эришса, “Ягона миллий ҳаракат” тузилиши конститутцияга зид, деб эълон қилинишини айтганди.
Санду президентликка номзодини кўрсатди
Молдованинг ҳукмрон “Ҳаракат ва бирдамлик” партияси яқинлашаётган президент сайловига амалдаги давлат раҳбари Майя Санду номзодини кўрсатди, деб ёзган партия матбот хизмати.
Кеча Марказий сайлов комиссияси номзодлар ва Евроинтеграция бўйича референдум иштироқчиларини рўйхатга ола бошлади. Ташаббускор гуруҳ 15 000 дан 25 000 тагача имзо тўплаши керак. Имзолар МСКга 20 сентябргача топширилиши шарт.
МЮ энди ходимларни текин овқатлантирмайди
“Манчестер Юнайтед” раҳбарияти маблағ тежаш мақсадида ходимларни мусобақа кунлари бепул овқатлантиришни тўхтатди. Шунингдек ишқибозлар учун дастурлар сони ҳам камайтирилади.
“Daily Mail” нашри ёзишича, янги чоралар февраль ойида клуб эгаларидан бирига айланган Жим Рэдклифф томонидан ишлаб чиқилган кенг кўламли ислоҳот доирасида амалга ошириляпти. Янги хўжайин келгач, 250 киши ишдан бўшатилган.
Демократ Уолц вице-президентликка рози
Миннесота штати губернатори, демократ Тим Уолц чоршанба куни кечқурун АҚШ вице-президентлигига номзоди кўрсатилишига расман розилик берди.
– АҚШ вице-президенти лавозимига номзодим кўрсатилиши мен учун умрбод шараф бўлиб қолади, – деди у Чикагода бўлиб ўтган Демократик партия қурултойида сўзга чиқиб. – Бунинг сабаби оддий – биз бу мамлакатни севамиз.
С.Раҳимов, ЎзА