Дунё хабарлари қисқа сатрларда
АҚШ собиқ Президенти Дональд Трамп агар сайловда ғалабага эришса, Украина масаласини музокара ёрдамида ҳал қила олишини баён қилди.
Сиёсатчи таъкидлашича, унинг РФ етакчиси Владимир Путинга ва Украина раҳбари Владимир Зеленскийга айтадиган гаплари бор.
– Уларни бир жойга йиғиш керак, –деди Трамп америкалик телевидение ва радио бошловчиси Себастьян Горкига берган интервьюсида. – Мен иккаласига ҳали ҳеч кимга ошкор этмаган фикрларни айтаман. Ўйлашимча, натижага эриша оламан.
***
ЕИ томонидан музлатилган Россия активларидан олинган даромаднинг бир қисми тинчлик фондига ўтказилиши мумкин, деди ЕИ дипломатияси раҳбари Жозеп Боррель.
ЕИ мамлакатлари ташқи сиёсат раҳбарлари душанба куни ўтказилган мажлисда бу масалада якуний қарорга кела олмади. Бинобарин, улар Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатиш учун Европа тинчлик фондидан қўшимча 5 миллиард евро ажратишга келишиб олган.
***
Европа Иттифоқи АҚШ сайлови натижасига қараб қолмасдан, ўз хавфсизлигини мустақил равишда таъминлаши, ҳатто ҳарбий иқтисодиёт режимига ўтиши керак, дейилган Еврокенгаш раҳбари Шарль Мишель тарқатган баёнотда.
– Мудофаа масаласида тайёргарликни кучайтиришимиз ва ҳарбий иқтисодиёт режимига ўтишимиз зарур, – деб ёзган у “Libre” нашрида эълон қилинган мақоласида. – Хавфсизлигимизни ҳимоя қилиш учун масъулиятни зиммамизга олиш вақти келди. Энди АҚШдаги сайлов натижасига қараб қалмаслигимиз керак.
***
Туркия ташқи сиёсат идораси раҳбари Ҳоқон Фидан “CNN Turk” телеканалига берган интервьюсида Украина зиддиятини 2024 йил бартараф этиб бўлмаслигини таъкидлади.
Унинг фикрича, бу масалани ҳал қилиш учун пойдевор йўқ. Можарони яқин келажакда ҳал қилиш истиқболи ҳам йўқ, дея қўшимча қилган Фидан.
***
Қозоғистонда собиқ полициячилар 2022 йил январь ойида бўлиб ўтган тартибсизликда қийноқ усулига йўл қўйгани учун қамоқ жазосини олди, деб хабар тарқатди Жетисув вилояти прокуратураси.
– 2024 йил 18 март куни Толдиқўрғон шаҳри судида январь воқеаларида қийноқ усулини ишлатгани учун тўрт нафар собиқ полициячи 6 йилгача муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилинди – дейилган матбуот хабарномасида. – Давлат қораловчилари хулосаси билан 2022 йил 5-16 январь кунлари Алмати вилояти полиция департаментида айбдор шахслар тергов жараёнида тақиқланган усуллар, яъни жисмоний зўравонликдан фойдалангани исботланди.
***
Польша ва Германия Украинага танк етказиб бериш бўйича коалицияни фаоллаштиради, деб баёнот берди Польша миллий мудофаа вазири, Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Владислав Косиняк-Камиш ГФР мудофаа вазири Борис Писториус билан учрашувдан кейин берган баёнотида.
– 26 март куни Польша ва Германия етакчилари сифатида Украинани қўллаб-қувватлаш учун зирҳли техника етказиб бериш имконияти бўйича коалицияни фаоллаштирамиз, – деди Косиняк-Камиш. – Биз ушбу лойиҳа етакчиларимиз, ташаббусга Буюк Британия, Швеция ва Италия ҳам қўшилиш истагини билдирган.
***
Грузия Президенти Саломе Зурабишвили Россия Президенти сайлови Москва томонидан мустақил давлат сифатида тан олинган Абхазия ва Жанубий Осетияда ҳам ташкил этилганидан норозилигини баён қилди.
– РФ Президенти сайловини босиб олинган ҳудудларда ўтказиш мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат, – дейилган Грузия раҳбари маъмурияти эълон қилган баёнотда. – Бу мамлакатимиз яхлитлигини яна бир бор қўпол равишда бузиш сифатида халқаро меъёрга мутлақо зид.
***
Молдова Президент Майя Санду республика сиёсий доираларини мамлакатнинг ЕИга аъзо бўлиши бўйича референдум натижасини ҳурмат қилишга чақирди.
– Кузда бўлиб ўтадиган референдум бугунги кунимиз ва ўн йиллар нари келажагимизни олдиндан белгилаб беради, – деди Санду матбуот анжуманида. – Европага интеграциялашув мақсадимизни, конституцияга ёзилгандан кейиноқ, мамлакатдаги барча сиёсий синфлар ҳурмат қилишга мажбур.
***
Украина Қуролли кучларининг истеъфодаги генерали, Миллий хавфсизлик кенгаши котиби собиқ ўринбосари Сергей Кривонос Киев ғарбдаги ҳамкорларидан мамлакатга ядро қуроли жойлаштиришни сўраши мумкин эди, деди.
Февралнинг сўнгги кунларида Олий Рада депутати Алексей Гончаренко ҳам Украинага ядро қуролини қайтаришни қўллаб-қувватлашини билдирди. Унинг таъкидлашича, бу “омон қолишнинг ягона воситаси” ҳисобланади.
***
Руминиядаги “Михаил Когэлничану” авиабазаси модернизация қилиниши мажмуани НАТОнинг Европадаги энг йирик базасига айлантиради. Қўналғада 10 минг ҳарбий жойлашиши мумкин, дея хабар тарқатган “TVR Info” телеканали.
Аввалроқ ҳукумат мазкур авиабазани модернизациялаш учун 2,5 миллиард евро инвестиция киритишга тайёрлигини маълум қилган эди. Объект 2040 йил тўлиқ ишга туширилиши режалаштирилган.
С.Раҳимов, ЎзА