Дунё воқеалари қисқа сатрларда
Харрис президентликка тайёрлигини билдирди.
АҚШ вице-президенти Камала Харрис мамлакат етакчиси Жо Байденнинг кексалигидан хавотирга тушган сайловчиларга президент вазифасини бажаришга тайёр эканини маълум қилди, деб ёзди “Wall Street Journal”.

Газета ёзишича, Жо Байден кексалиги туфайли Харрис сўнгги ойларда кўпгина ишларни бажаришига тўғри келмоқда.
Аввалроқ “ABC News” телеканали “Ipsos” ташкилоти билан ўтказган сўровда 80 фоиз америкаликлар Байден яна бир муддат учун анчайин кекса, деган фикрни билдирган эди. Амалдаги раҳбар АҚШ тарихида энг кекса президент ҳисобланади.
“Газпром” ва Австриянинг OMV компанияси шартномани бекор қилиши мумкин

Австрия ҳукумати OMV ва “Газпром” ўртасидаги шартномани бекор қилиш имкониятини қидирмоқда, бунинг учун турлича вариант кўриб чиқилмоқда, деди журналистларга мамлакатнинг иқлим чоралари, атроф-муҳит, энергетика, мобиллик, инновация ва технология вазири Леонор Гевесслер.
Аввалроқ мазкур нефть-газ концерни газ етказиб бериш бўйича “Газпром” билан 2040 йилгача келишув имзолагани эълон қилинган эди. Республика канцлери Карл Нехаммер ушбу ҳужжатни бир томонлама бекор қилиш мамлакат учун қимматга тушишини таъкидлаган.
НАТО огоҳлантирилди

Россия Давлат Думаси депутати, халқаро ишлар бўйича қўмита аъзоси Дмитрий Белик баёнот беришича, НАТО Польшага ядро қуроли жойлаштириши глобал можарога жуда яқинлашишни билдиради.
Аввалроқ польшалик генерал Ярослав Крашевский “RMF FM” радиосига берган интервьюсида бир неча йилдан кейин Польшага ядро қуроли жойлаштирилади, бу аниқ, деган эди. Унинг айтишича, қуролни НАТОнинг “Nuclear sharing” дастури доирасида олиш мумкин.
Нигер, Буркина-Фасо ва Мали ягона пул чиқармоқчи

Нигер ҳукуматини бошқараётган Ватанни ҳимоя қилиш миллий кенгаши раҳбари генерал Абдураҳмон Тчиани Соҳил давлатлари альянсининг ягона валютасини яратиш имконияти ҳақида гапирган.
– Валюта чиқарилиши суверенитет белгиси ҳисобланади, – деди у. – Соҳил давлатлари – Нигер, Буркина-Фасо ва Мали ҳозир тўлиқ суверенитетини тиклашга интилмоқда.
Қатар Ҳиндистоннинг 8 фуқаросини авф этди

“NDTV” телеканали тарқатган маълумотга кўра, Қатар суди Исроил фойдасига жосуслик қилишда айбланиб, ўлим жазосига ҳукм қилинган саккиз ҳиндистонлик маҳбусни кечирган. Уларнинг етти нафари Нью-Деҳлига етиб келган, яна бири қардалиги ҳақида маълум қилинмаган.
Венгрия президенти сайлови март ойида бўлиб ўтади

Венгрияда истеъфога чиққан Каталин Новак ўрнига янги президент сайлаш март ойига белгиланди. Ҳукуматни бошқараётган “ФИДЕС – Венгрия фуқаролар иттифоқи” партиясининг парламентдаги фракцияси етакчиси Мате Кочиш “Kossuth” радиосида чиқиш қилиб, шундай баёнот берди.
Каталин Новак 10 февраль куни истеъфо берган.
Сенегалда мобил интернети ўчирилди

Сенегал ҳукумати президент сайлови санаси кўчирилишига қарши норозилик намойишига чиқиш чақириғи кенг тарқалаётгани учун мобил интернетни ўчириб қўйди, деб ёзди “Франс Пресс” агентлиги мамлакат телекоммуникация вазирлиги тарқатган хабарга таяниб.
Аввалроқ мамлакат парламенти февраль ойига режалаштирилган президент сайловини 2024 йил 15 декабрга кўчириш ҳақида қонун қабул қилган эди. Ўшанда мухолиф депутатлар овоз бериш арафасида куч билан залдан чиқариб юборилган.
АҚШ Давлат департаменти Сенегалда президент сайлови бошқа кунга кўчирилиши қонуний эмаслигини таъкидлаган.
С.Раҳимов, ЎзА