Дунё қиличбозлари Тошкентда беллашмоқда
Тошкентда қиличбозликнинг сабля йўналиши бўйича кадетлар ва ўсмирлар ўртасидаги Жаҳон кубоги мусобақаси старт олди.
Халқаро қиличбозлик федерацияси (FIE) тақвимига киритилган мазкур мусобақа 11 октябрь кунига қадар «Пахтакор» стадиони ҳудудидаги «Ёшлик» ва «Пахтакор» спорт залларида бўлиб ўтади. Унда 23 давлатдан 360 нафарга яқин спортчи иштирок этаётир.
Тўрт кун давомида ёш қиличбозлар Жаҳон кубоги совринлари ҳамда рейтинг очколари учун баҳс олиб боради. Мусобақа дастурига кўра, бугун 8 октябрь куни кадетлар ўртасида яккалик баҳслари, 9–10 октябрь кунлари ўсмирлар ўртасида яккалик беллашувлари, 11 октябрь куни эса жамоавий баҳслар ўтказилади.
Тошкентдаги мусобақа янги мавсумда сабля йўналишидаги кадетлар ва ўсмирлар ўртасидаги Жаҳон кубоги босқичларидан бири ҳисобланади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА