Дунё полвонлари Наманганда беллашмоқда
Наманган шаҳри таркибидаги Янги Наманган туманида жойлашган “Паҳлавон” спорт мажмуасида эркин ва юнон-рум кураши турлари бўйича катталар ўртасида “O’zbek botirlari” учинчи халқаро гран-при спорт мусобақаси ўтказилмоқда.
65-халқаро гуллар фестивали доирасида Наманган вилояти ҳокимлиги, вилоят прокуратураси, Спорт вазирлиги, Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси, “Динамо” жисмоний тарбия-спорт жамияти ҳамкорлигида уюштирилган нуфузли турнирда юртимизнинг барча ҳудудлари, шунингдек, Қирғиз Республикаси, Қозоғистон, Тожикистон, Туркия, Россия Федерацияси, Беларусь, Молдова, Хитой, Иордания, Саудия Арабистони каби ўндан ортиқ мамлакатлардан келган 360 дан зиёд яккакураш усталари 60 килограммдан +130 килограммгача бўлган 12 та вазн тоифасида баҳсларга киришди.

Уларнинг маҳоратини баҳолаш учун маҳаллий ва хорижий тажрибали ҳакамлардан иборат 40 нафар мутахассис таклиф қилинган. Мусобақанинг тантанали очилиш маросимида Наманган вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шавкат Абдураззоқов таъкидлаганидек, анъанавий тарзда ўтказилаётган ушбу мусобақа нафақат спорт, балки халқаро дўстлик ва ҳамкорлик майдони сифатида ҳам алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Спортнинг ёшлар тарбиясидаги ўрни, соғлом турмуш тарзини шакллантиришдаги аҳамияти беқиёслигининг ёрқин ифодаси ўлароқ Наманганда бокс, оғир атлетика, ўқ отиш, кураш каби спорт турларида халқаро натижаларга эришилаётгани эътироф этилди. Наманган заминида азалдан полвонлар, жасур йигитлар, иродали қизлар вояга етган. Бугун ареналардаги ҳар бир ғалаба – бу юртимиз ёшларига яратилаётган имкониятлар, мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортга қаратаётган юксак эътибор самарасидир.

Вилоятда барча спорт турлари қатори унинг эркин ва юнон-рум кураши турларига ҳам алоҳияда аҳамият берилаётгани натижасида иқтидорли, чемпион спортчилар етишиб чиқмоқда. Хусусан, Шермухаммад ва Ойбек Шарифжоновлар, Оғабек Асқаралиев сингари паҳлавонлар Янги Ўзбекистон довруғини дунёга таратмоқда. Айни кунларда эса, Вьетнамнинг Да-Нанг шаҳрида ўсмирлар (“U-17”) ўртасида ўтказилаётган Осиё чемпионатида Муҳаммад Раҳимжонов, Бекзод Иброҳимов ўз вазн тоифасида маҳоратини синовдан ўтказмоқда. Мазкур гран-при турнири спортчиларимиз учун 2028 йилда АҚШнинг Лос-Анжелес шаҳрида бўладиган ёзги Олимпия ўйинларига ўзига хос тайёргарлик вазифасини ўташ ҳамда МДҲ, Европа ва Осиё мамлакатларининг моҳир курашчилари билан тажриба ўрганишга хизмат қилади. Муҳташам спорт кошонасига фахрий меҳмонлар қаторида Осиё ва жаҳон чемпионлари, Осиё ҳамда ёзги Олимпия ўйинлари совриндорлари Фазлиддин Ғойибназаров, Ихтиёр Наврўзов, Рустам Ассакалов, Умиджон Исмонов каби мамлакатимизнинг номдор спортчилари қарсаклар билан олқишланди. Айниқса, мусобақа олдидан "Рио-2016" ёзги Олимпия ўйинлари чемпиони, Ўзбекистон ифтихори Фазлиддин Ғойибназаров ва таниқли сўз устаси Элмурод Ҳақназаров иштирокида спорт қоидалари асосидаги шоу-жанг ташкил этилгани томошабинларга завқу шавқ улашди.
– Ёшим ўн тўққизда, гран-при туркумидаги нуфузли турнирларда иштирок этиш биз каби ёш истеъдод эгаларини кашф этишда муҳим аҳамиятга эга, – дейди халқаро мусобақа иштирокчиси, Осиё чемпионати совриндори, андижонлик Жонпўлат Тўлқинбоев. – Илк баҳсда тожикистонлик рақибим Сиёвуш Асиловни 7:2 ҳисобида мағлубиятга учратганимдан хурсандман. Олдинда эса, номдор рақиб – “Париж-2024” ёзги Олимпия ўйинлари иштирокчиси Исломжон Баҳромовга қарши муросасиз жанг кутиб турибди. Ўйлайманки, гуллар шаҳридаги нуфузли мусобақадан медаль билан қайтаман. Уч кун давом этадиган халқаро турнирда ғолиб ва совринли ўринлар соҳиблари пул мукофотлари ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА