Дунё тиллари орасида энг бахтлиси
Куни кеча Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги қонуни эълон қилинди.
Куни кеча Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги қонуни эълон қилинди.
Тил билан халқнинг руҳини бир-биридан алоҳида-алоҳида ажралган ҳолда тасаввур қилиш мумкин эмас. Тилнинг равнақи учун хизмат қилиш рус тилшунослигидан қолип олиб диссертацияларни “болалатиб” ташлаш дегани эмас, балки тилимизда энг қадимги даврлардан шу бугунгача ишлатилган сўзларнинг луғатларини тузиш, грамматик қурилишига оид тадқиқотларни амалга ошириш ва бошқа шу каби изланишларни қилишдир.
XV асрда Ҳусайн Бойқаро туркий (ўзбек) тилининг тақдири ҳақида қайғуриб фармон чиқарган ва ижодкорларни ўзларининг она тилида ижод қилишга даъват қилган эди. Ҳусайн Бойқаронинг Фармони туркий тилнинг мавқеини Хуросон ва Мовароуннаҳрда юксалтириш ҳамда сақлаб қолиш эди.
Президентимизнинг ўзбек тили тақдири ҳақида қайғуриб, бу борада амалга ошираётган ишлари асрлар давомида шаклланган, ҳатто дунёнинг Шарқу Ғарбига ёйилиб кўп элларга миллатимиз руҳини олиб борган тилимизнинг мавқеини қайтадан тиклади. Олтин Ўрдадаги эски ўзбек тилида битилган асарларнинг тил хусусиятлари, Миср мамлуклар давлатида XIV- XV асрларда амалда бўлган ва юксак савиядаги бадиий асарлар, шунингдек, луғатлар ва грамматикага оид тадқиқотлар битилган тилимизнинг мавқеи баланд бўлганини ғурур билан айтиб ўтиш жоиздир.
“Дунёнинг энг бой тили туркчадир, энг бахтсиз тили яна шу туркчадир” деб афсус надоматлар чеккан Фитрат домла, туркий тилга араб-форс сўзларини қалаштириб ташлашга тамомила қарши бўлган ва туркий тилнинг софлиги учун курашган ҳамда амалда исботлаган Абулғози Баҳодирхоннинг орзу-истаклари ҳам ана шу қонунда мужассам эканини эътироф этишни истар эдим.
Агар Фитрат домла ҳаёт бўлганда, шубҳасиз, Президентимиз имзолаган кечаги қонундан илҳомланган ва кўзида ёш билан “Бугун тилимиз энг бахтли тилдир!” деб айтган бўлар эди. Абулғози Баҳодирхон ҳам мазкур ҳужжатни буюк тарихий воқеа сифатида баҳолаб, ўзбек тилининг бундан кейинги равнақи йўлида ўз дастурини ишлаб чиққан бўлар эди. Ахир, у “Шажараи турк” асарида туркий тилнинг равнақ ийўлида амалга оширадиган ишларининг айрим штрихларини чизиб берган.
Тилшунослар, ижодкорлар ундан ибрат олишлари керак. Ҳа, туркий тиллар орасида нуфузи ва мавқеи жиҳатидан катта бўлган ўзбек тилига шу қадар катта эътибор берилмаган эди.
Она тилининг қудрати шу қадар чексизки, мамлакатлар ўртасидаги биродаркушликнинг олдини олишга, унутилиб кетган давлатларнинг тарихини тиклашга асосий омил бўла олади. Асли унутилиб кетган давлатлар, халқлар тарихини археологлар эмас тилшунослар кашф қилганлари тарихда учраб туради. Масалан, Шумер давлатини ва шумер халқи ҳамда тилини археологлар эмас, тилшунослар кашф қилганлар. Милоддан олдинги тўртинчи минг йилликка келганда тарих саҳнасидан йўқолган шумер халқининг бугунги туркий халқларга, хусусан, ўзбек халқига қариндош эканини ҳам тилшунослар, тилимиз жонкуярлари далиллашга ҳаракат қилмоқдалар.
Бир сўз билан айтганда бу қонун бизни ҳали ўзбек тилининг равнақи йўлида кўп ишларни амалга оширишга илҳомлантиради.
Насимхон Раҳмонов,
Филология фанлари доктори,
Ўзбекистон Миллий университети профессори