Дуал таълимда қайси касблар етакчилик қилмоқда?
Бугун касб-ҳунар эгаллашда фақат аудиторияда ўтириб, назарий билим олишнинг ўзи етарли эмас.
Замонавий меҳнат бозори иш жараёнини биладиган, ўз касби бўйича амалиётга эга мутахассисларни талаб қилмоқда.
Шу нуқтаи назардан, ўқувчининг таълим муассасасидаги билимини корхонадаги реал иш жараёни билан боғлайдиган дуал таълим тизими тобора муҳим аҳамият касб этмоқда.
Хўш, бугун техникумларда таҳсил олаётган ёшларнинг қанчаси ўқиш билан бирга амалиётда ҳам касб эгаллаяпти? Қайси касбларга талаб юқори? Дуал таълим қамровини ошириш бўйича қандай мақсад қўйилган?
Ўтказилган таҳлилларга кўра, ҳозирда 679 та техникумда таҳсил олаётган 442 227 нафар ўқувчилардан 60 мингдан ортиғи — дуал таълимга қамраб олинган. Демак, ҳозирча техникум ўқувчиларининг қарийб ҳар еттинчисигина таълимни бевосита амалиёт билан уйғунлаштирган. Бироқ белгиланган мақсад анча юқори.
2030 йилга қадар техникум ўқувчиларининг 40 фоизини дуал таълимга қамраб олиш режалаштирилган. Бу эса амалдаги 13,7 фоизлик кўрсаткични сезиларли даражада оширишни талаб этади.
Дуал таълимда қайси касблар етакчилик қилмоқда?
Дуал таълимда таҳсил олаётган 60 654 нафар ўқувчининг деярли ярми — 27 962 нафари учта касб ва мутахассисликка тўғри келади.
Жумладан:
— мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси — 10 931 нафар;
— автомобилларни таъмирлаш ва уларга хизмат кўрсатиш — 9 131 нафар;
— тикувчи — 7 900 нафар.
Шундай қилиб, ушбу уч йўналишнинг ўзи дуал таълимдаги жами ўқувчиларнинг 46,1 фоизини қамраб олган.
Дуал таълимнинг бугунги ҳолати ҳудудлар, техникумлар, таълим босқичлари, касб ва мутахассисликлар кесимида таҳлил қилинган.
Қайд этилишича, 2030 йилгача техникум ўқувчиларининг 40 фоизини дуал таълимга жалб этишдан иборат.
Бу вазифа нафақат қамровни оширишни, балки техникумлар ва иш берувчилар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш, ўқувчилар учун амалий таълим базасини кенгайтириш ҳамда меҳнат бозори талабига мос кадрлар тайёрлашни тақозо этади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА