Дўстлик жамиятлари тарихи: кеча ва бугун
Тошкент Фотосуратлар уйида “Дўстлик жамиятлари тарихи: кеча ва бугун” номли фотокўргазма иш бошланди.
БМТ Бош Ассамблеясининг қарорига кўра, 1997 йилдан буён ҳар йили 16 ноябрь куни бутун дунёда “Халқаро бағрикенглик куни” сифатида нишонланиб келинади. Бу санани Ўзбекистонда нишонлаш ҳам яхши анъанага айланган.
Маълумки, ўтган йили давлатимиз раҳбарининг таклифига биноан бу сана юртимизда ҳафталик доирасида кенг нишонланган эди. Бу йили ҳам халқаро бағрикенглик кунига бағишлаб 9-16 ноябрь кунлари юртимизда Бағрикенглик ҳафталиги ўтказилмоқда. Ўзбекистон бугун бутун дунё мамлакатлари учун ҳамжиҳатлик, дўстлик, бағрикенглик муҳити бўйича ўзига хос намуна экани халқаро миқёсда ҳам эътироф этилмоқда.
Президентимизнинг 2019 йил 15 ноябрдаги “Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, “Дўстлик жамиятлари тарихи: кеча ва бугун” мавзусида фото-кўргазма ўтказиш белгиланган эди.
Бу борадаги вазифалар ижроси юзасидан ўтказилаётган кўргазмада юртимиздаги ўзаро ҳамжиҳатлик, аҳиллик, бағрикенглик, меҳр-саховат муҳити ҳақида рангин фотосуратлар воситасида ҳикоя қилинади.
Бағрикенглик ҳафтаси дастури доирасидаги ушбу кўргазмада Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Бадиий академияси, Тошкент фотосуратлар уйи ҳамда дўстлик жамиятлари раҳбарлари ва фаоллари иштирок этди.
Кўргазманинг татанали очилиш маросимида қўмита раиси Рустамбек Қурбонов Дўстлик жамиятлари фаолиятининг асосий мақсади - Ўзбекистон ва хорижий мамлакат халқлари орасида маданий-маърифий, таълим-фан соҳасидаги алоқаларни ривожлантиришдан иборат эканини таъкидлади. Дўстлик жамиятларининг самарали фаолияти мамлакатимизнинг қўшни ва чет давлатлар билан алоқаларини янада мустаҳкамлаш, хориж жамоатчилигида Ўзбекистон ҳақида ижобий фикр шаклланиши, ватандошлар билан яқиндан алоқа ўрнатиш, уларга амалий кўмак бериш, Ўзбекистонда тинчлик ва барқарорликни таъминлашда муҳим аҳамиятга эга экани билан аҳамиятлидир.
Кўргазмага қўйилган 100 га яқин фотасарлар дўстлик жамиятларининг кенг қиррали фаолияти ҳақида сўзлайди. Уларда ўтган давр мобайнида Ўзбекистон халқ дипломатияси ривожланишига ҳисса қўшган дўстлик жамиятларининг фаоллари, уларнинг хорижий сафарлари, Ўзбекистонда ва хорижда ўтказилган тадбирлар ўз аксини топган.



Н.Усмонова, О.Ғуломов (сурат), ЎзА