Дўстлик ва қардошлигимиз рамзи
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида таниқли қозоқ ёзувчиси, қозоқ адабиётининг детектив жанри асосчиси, драматург, жамоат арбоби Кемел Токаев таваллудининг 100 йиллигига бағишланган давра суҳбати ва "Турки алеминин детективи жанрин дарабози" китоб-расмли кўргазмаси бўлиб ўтади.
Тадбирдан кўзланган мақсад туркийзабон мамлакатларда Кемел Токаевнинг адабий меросини тарғиб қилиш ва оммалаштириш, ёшлар ва ёш авлодни ватанпарварлик ва фуқаролик, Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашдан иборат. Тадбир туркий давлатлар ташкилоти томонидан эълон қилинган “Туркий цивилизациянинг юксалиш йили”, шунингдек, ТУРКСОЙнинг 30 йиллигини нишонлаш доирасида ўтказилди.
Маълумки, Кемел Токаев бадиий сўз устаси, драматург, қозоқ насрида детектив жанрининг асосчиси, Иккинчи жаҳон уруши иштирокчиси. 1948 йилда Қозоғистон Давлат университетини тамомлаган. Ижодкор кўп йиллар давомида республика газета ва журналлари таҳририятларида масъул лавозимларда ишлаган, Қозоғистон Ёзувчилар уюшмасининг адабий маслаҳатчиси бўлган эди.
Кемел Токаев детектив - саргузашт адабий жанрида самарали ишлаган ижодкор эди. Унинг биринчи "Жулдизди жорик" тўплами 1954 йилда нашр этилган. Унинг “Аскар кетди”, “Махсус топшириқ”, “Охирги зарба”, “Тунги зарба”, “Сарбаған бўлган воқеа” ва бошқа роман ва повестлари наинки Қозоғистонда, балки чет элда ҳам оммалашган.

К.Токаев Иккинчи жаҳон урушидаги иштироки учун I ва II даражали орденлар, икки маротаба “Жасорат учун” медали билан тақдирланган эди.
Кемел оға Токаев ижодига бағишланган тадбир доирасида ёзувчининг ҳаёти ва ижодига бағишланган “Турки алеминин детективи жанрин дарабози” деб номланган китоб-расмли кўргазма ташкил этилди.
Унда муаллифнинг асарлари, унинг таҳрири остида нашр этилган журналлар, даврий нашрлардан мақолалар, унинг ҳаёти ва ижоди ҳақидаги материаллар намойиш этилди.
Ёзувчининг юбилейига Қозоғистон Республикаси Миллий кутубхонаси унинг ҳаёти ва ижодига бағишланган ретроспектив библиографик кўрсаткични нашрга тайёрламоқда. Шунингдек, Кемел Токаевнинг икки жилдли роман ва ҳикоялари тўпламини тузиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Унда ёзувчининг турли йилларда даврий нашрлар саҳифаларида нашр этилган ва библиографик қидирув пайтида аниқланган романлари, повестлари ва эсселари ўрин олади.
Тадбир сўнгида Қозоғистоннинг “Хабар” телеканали томонидан Кемел Токаев ҳаёти, ижоди, фаолияти ҳақида сўзловчи “Енегели эмир” ҳужжатли фильми намойиш этилди.
Шу билан бирга Қозоғистон маданий меросини бошқа мамлакатларда оммалаштириш мақсадида "Маданий мерос" Давлат дастури доирасида нашр этилган 120 та китоб Қозоғистон Республикаси Миллий кутубхонасидан Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасига ҳадя қилинди.
ЎзА