Дўстлик ва ҳамжиҳатлик қадри улуғланди
Гулистон давлат университетида Халқаро бағрикенглик куни муносабати билан ташкил этилган тадбир турли миллат ва элат вакилларини бирлаштирувчи эзгу қадриятлар, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик ғояларига бағишланди.Университет Маданият саройида ўтказилган учрашувда профессор-ўқитувчилар, талабалар, миллий маданий марказ вакиллари ҳамда соҳа масъуллари иштирок этишди.
Тадбирда университетнинг Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори Қозим Қудратов сўзга чиқиб, бағрикенглик ўзбек халқининг миллий қадриятлари ва ҳаёт тарзида чуқур илдиз отган фазилатлардан бири эканини таъкидлади. Шунингдек, юртимизда турли миллат ва элат вакилларининг аҳил-иноқ яшаб келаётгани, бунда ўзаро ҳурмат ва ишонч муҳим ўрин тутишини қайд этди.


Тадбирда Қозоқ миллий маданий маркази раҳбари Клара Фозилова, Дин ишлари бўйича қўмитанинг Сирдарё вилояти ҳудудий бошқармаси ходимлари М. Юсупов ва А. Жўраевлар ҳам иштирок этишди. Улар миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни асраш, бу қадриятларни ёшлар онгига сингдириш масалалари юзасидан фикр билдиришди.


Тадбирнинг бадиий қисмида Филология факультети талабалари томонидан тайёрланган концерт дастури намойиш этилди. Унда турли миллатларнинг миллий либослари, қўшиқ ва рақслари, урф-одатлари саҳна кўринишлари орқали акс эттирилди. Талабаларнинг чиқишлари иштирокчиларга кўтаринки кайфият бағишлади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири