Дўстлик ва ҳамкорлик сари яна бир қадам
2026 йилнинг 24–25 июль кунлари Самарқанд шаҳрида Биродар шаҳарлар биринчи халқаро форуми бўлиб ўтади.
Миллатлараро муносабатлар қўмитаси, Биродар шаҳарлар альянси ҳамда Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилаётган мазкур нуфузли тадбирда халқаро ташкилотлар экспертлари, олимлар, бизнес ва жамоатчилик вакилларидан иборат қарийб 300 нафар иштирокчи қатнашиши кутилмоқда.
Форум арафасида уни ўтказишдан кўзланган мақсад, кутилган натижалар ҳамда Биродар шаҳарлар альянсининг бугунги фаолияти хусусида Биродар шаҳарлар альянси раиси Зокир Абидов билан суҳбатлашдик.
— “Биродар шаҳарлар” тушунчаси аслида нимани англатади? Унинг дунё тажрибасидаги ўрни ва аҳамияти ҳақида нималарни айта оласиз?
— Аввало, биродар шаҳарлар — бу оддий икки шаҳар ўртасида имзоланган ҳужжат эмас. Бу халқларни яқинлаштирадиган, ўзаро ишонч ва дўстликни мустаҳкамлайдиган халқ дипломатиясининг энг самарали воситаларидан биридир.
Бу ғоя Иккинчи жаҳон урушидан кейин Европада тинчлик ва ишончни қайта тиклаш мақсадида пайдо бўлган. Бугун эса у бутун дунёга кенг ёйилиб, маданий алмашинув билан бирга инвестицияларни жалб қилиш, туризмни ривожлантириш, таълим ва илм-фан ҳамкорлигини кенгайтириш, экологик лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда инновацияларни жорий этишнинг муҳим механизмига айланди. Энг муҳими, бу муносабатлар давлатлардан аввал одамларни бир-бирига яқинлаштиради.

— Ўзбекистон учун биродар шаҳарлар алоқаларини ривожлантириш нега муҳим?
— Ҳозирги глобаллашув шароитида ҳеч бир давлат якка ҳолда ривожлана олмайди. Мамлакатимизда олиб борилаётган очиқ ва прагматик ташқи сиёсат ҳам ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган.
Бугун иқтисодиёт, туризм, маданият, инновациялар ва инвестицияларнинг асосий қисми айнан ҳудудлар даражасида шаклланмоқда. Шу боис, шаҳарлар ўртасидаги ҳамкорлик алоҳида аҳамият касб этмоқда. Айни пайтда Ўзбекистон шаҳарлари дунёнинг 80 дан ортиқ шаҳар ва ҳудудлари билан биродарлик алоқаларини ўрнатган. Бу маҳаллий ҳокимликлар, университетлар, тиббиёт муассасалари, тадбиркорлар ва ёшлар учун янги имкониятлар яратмоқда.
— Форумда хорижий давлатлар вакилларининг кенг иштироки мамлакатимиз учун қандай имкониятлар яратади?
— Бу, аввало, тўғридан-тўғри ҳудудлар ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш имкониятидир. Форумда АҚШ, Франция, Беларусь, Латвия, Бельгия, Болгария, Словакия, Сербия, Хорватия ва бошқа давлатлардан вакиллар иштирок этмоқда.
Бу янги инвестицияларни жалб қилиш, қўшма туризм йўналишларини ривожлантириш, университетлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, маданий алмашинув ва бизнес ҳамкорлигини кенгайтириш учун мустаҳкам замин яратади.
— Нега форумда айнан инвестиция, таълим, инновация, туризм ва маданият йўналишларига катта эътибор қаратилган?
— Чунки бугун шаҳарларнинг тараққиёти айнан шу соҳалар билан бевосита боғлиқ. Инвестициялар янги иш ўринлари яратади, таълим малакали кадрларни тайёрлайди, инновациялар шаҳар бошқарувини такомиллаштиради, туризм маҳаллий иқтисодиётга кучли туртки беради. Маданият эса халқларни яқинлаштиради. Форум дастурида ушбу йўналишларга алоҳида сессиялар ажратилгани ҳам бежиз эмас.
— Рақамли дипломатия ва сунъий интеллект биродар шаҳарлар ҳамкорлигини қандай ўзгартиради?
— Бугун масофа - тўсиқ эмас. Сунъий интеллект ва рақамли технологиялар шаҳарлар ўртасидаги мулоқотни янада тезкор ва самарали қилмоқда. Онлайн конференциялар, виртуал таълим дастурлари, рақамли архивлар, «ақлли шаҳар» лойиҳалари янги имкониятларни очмоқда.
Хитойлик тиббиёт мутахассислари билан онлайн тажриба алмашиш, хориждаги ватандошлар учун виртуал экскурсиялар ташкил этиш шулар жумласидан. Келгусида сунъий интеллект ҳамкорликнинг янада самарали бўлишига хизмат қилади.
— Оддий фуқаролар биродар шаҳарлар ҳамкорлигидан қандай манфаат кўради?
— Кўпчилик бу ҳамкорликни фақат расмий делегациялар билан боғлайди. Аслида эса унинг асосий фойдасини оддий инсонлар кўради. Талабалар алмашинув дастурларида қатнашади, шифокорлар тажриба ўрганади, ҳунармандлар маҳсулотларини хорижда намойиш этади, тадбиркорлар янги бозорларга чиқади, ёшлар қўшма лойиҳаларда иштирок этади. Бу эса одамларнинг ҳаёт сифатига ижобий таъсир кўрсатади.
— Форум якунида имзоланадиган меморандумлардан қандай натижалар кутилмоқда?
— Ҳар қандай меморандумнинг қиймати унинг амалий натижасида намоён бўлади. Имзоланадиган ҳужжатлар асосида қўшма инвестиция лойиҳалари, таълим дастурлари, маданий тадбирлар, туризм ташаббуслари ва бизнес форумлари амалга оширилади. Яъни, келишувлар аниқ лойиҳаларга айланиши асосий мақсад ҳисобланади.
— Биродар шаҳарлар альянси қисқа вақт ичида қандай натижаларга эришди?
— Альянс 2025 йил 7 майда ташкил этилган бўлса-да, қисқа вақт ичида қатор амалий ишлар бажарилди. ШҲТ Халқ дипломатияси маркази, «Ватандошлар» жамғармаси, «Ҳунарманд» уюшмаси, «Маҳалла» фонди, Ўзархив агентлиги ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилди.
Шунингдек, Хитой билан тиббиёт соҳасида онлайн мулоқотлар, университетлар иштирокида илмий давра суҳбатлари, ёшлар учун «Заковат» турнири, ватандошлар учун виртуал экскурсиялар ташкил этилди.
Альянс раҳбари сифатида Хитой, Озарбайжон ва Венгрияга амалга оширилган хизмат сафарлари давомида янги ҳамкорлик йўналишлари бўйича музокаралар ўтказдик. Бу ишлар Альянс фаолияти аниқ амалий натижаларга йўналтирилганини кўрсатади.
Нигора Раҳмонова суҳбатлашди.
ЎзА