Дўстлик, ижодий ҳамкорлик оқшоми
Пойтахтимизда бўлиб ўтаётган “Қатар маданияти, ҳунармандчилиги ва миллий таомлари ҳафталиги” доирасида Ўзбекистон Давлат консерваториясининг катта залида қатарлик композитор Нассер Саҳимнинг муаллифлик концерти бўлиб ўтди.
Концерт Ўзбекистон халқ артисти Камолиддин Ўринбоев дирижёрлигида Ўзбекистон давлат симфоник оркестри ҳамкорлигида ўтказилди.

Айтиш керакки, ушбу концерт дўстлик, санъат ва мусиқа байрами сифатида юқори савияда ташкил этилди.
1979 йилда таваллуд топган Нассер Саҳим қатарнинг машҳур мусиқачиларидан саналади. Қўшиқчи-бастакор сифатида у 30 дан ортиқ мусиқий альбомлар чиқарган.
Нассер Саҳим Қатарнинг миллий оммавий ахборот воситалари учун кўплаб мусиқий лойиҳалар, телевизион дастурлар, овоз эффектлари, тижорат йўналишидаги мусиқий сериаллар, классик мусиқа намуналарини яратган. Бастакор сифатида 2018 йил Буюк Британия элчихонаси таклифи асосида Англияда ўтказилган халқаро мусиқа ижодкорлари форумида иштирок этишга муваффақ бўлган.

Концертда Нассер Саҳим томонидан яратилган бир қатор мусиқий асарлар ўзбек ва қатарлик созандалар, хонандалардан иборат катта қўшма оркестр жамоаси ижросида янгради. Мусиқий оқшом якунида хорижлик санъаткор меҳмон – Нассер Саҳим томонидан ижро этилган ўзбек тилидаги “Кўрмасам бўлмас” қўшиғи тадбир иштирокчиларининг энг кўп ва давомли гулдурос қарсакларига сазовор бўлди.
– Ўзбекистонга ҳурмат ва эҳтиромим, меҳрим ўзгача, – деди Нассер Саҳим. – Бу юртнинг бой тарихи, маданий мероси, гўзал анъаналари, меҳрибон халқи кўплар каби мени ҳам мафтун этган. Мен Ўзбекистон Давлат консерваториясида PhD докторлик ишини ёқлаганман. Ўзбек миллий қўшиқларини жуда яхши кўраман. Гарчи бироз қийналган бўлсам-да, “Кўрмасам бўлмас” қўшиғини имконим борича ўзбек мухлисларига маромига етказиб тақдим этишга ҳаракат қилдим.

– Қатарлик мусиқачилар билан ишлаш жуда мароқли кечди, – деди Ўзбекистон халқ артисти, машҳур дирижёр Камолиддин Ўринбоев. – Биз илгари ҳам Қатар давлатида бир неча бор биргаликда концертлар қўйганмиз. Лекин Ўзбекистон саҳнасида бу мамлакатнинг мусиқачилари илк марта ўз санъатини намойиш этмоқда. Ушбу концерт шунчаки мусиқий дастур бўлиб қолмасдан, балки икки давлат ўртасидаги ўзаро маданий алоқаларни мустаҳкамлашда алоҳида аҳамият касб этади.
Дарҳақиқат, икки давлат санъаткорлари иштирокидаги концерт дўстлик, ҳамжиҳатлик оқшоми сифатида жуда юқори савияда ўтказилди.
Назокат Усмонова,
ЎзА мухбири