Дорихоналар фаолияти ўрганилди
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дилмурод Исмоилов Наманган шаҳридаги дорихоналар фаолиятини ўрганди.
Ўрганишлар давомида мамлакатимизда дори-дармонлар сифатининг яхшиланиши ҳамда қалбаки дори воситаларига қарши курашиш йўлида амалга оширилаётган ишлар, ишлаб чиқилаётган қонунлар ҳақида фуқароларга кенг тушунчалар берилди.
Депутат дори-дармонларнинг нархлари ошиб бораётгани, бу эса фуқароларимизни қийнаётган муаммолардан бири эканини таъкидлади. Фуқаролар, яъни истеъмолчиларнинг фикр-мулоҳазалари тингланиб, соҳани ривожлантиришга қаратилган таклифлар илгари сурилди. Аҳоли саломатлигини яхшилаш, сифатли ва арзон дори воситалари билан таъминлаш бўйича ишларни ривожлантириш муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
***
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги "Адолат" СДП фракцияси раҳбари Робахон Махмудова Фарғона вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази фаолияти билан танишди.

Бугунги кунда марказ аҳолига ихтисослашган тиббий хизмат кўрсатишни янада яхшилаш мақсадида моддий-техник базасинии мустаҳкамлаш, беморлар учун шароит яратиш ҳамда бўлимларни замонавий лойиҳалар асосида таъмирлаш ишларига алоҳида эътибор қаратмоқда.
Фракция раҳбари ўрганишлар жараёнида марказнинг клиник лаборатория бўлими замонавий 11 турдаги юқори технологик автоматик анализаторлар билан жиҳозланиши натижасида таҳлиллар аниқлиги ошгани, бу эса беморларга тўғри ташхис қўйиш ва даволашда юқори натижаларга эришишга замин яратаётганига гувоҳ бўлди.

Тиббий хизмат сифатини такомиллаштириш, замонавий технологияларни амалиётга жорий этиш билан бир қаторда, хорижий давлатларда магистратурани тамомлаган, илмий даражага эга ёш иқтидорли кадрларни жалб қилишга алоҳида эътибор қаратилиши, албатта, ижобий натижалар бериши таъкидлади.
Фракция раҳбари марказда даволанаётган беморлар билан ҳам юзма-юз мулоқот қилди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА