Долзарб мавзу: махсус кийим-бош, форма керакми?
Барча босқичдаги таълим муассасаларида ҳар доим тортишувга, баҳсга сабаб бўлиб келаётган бир муаммо бор, бу махсус кийим бош, яъни форма муаммоси.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 августдаги “Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини замонавий ягона мактаб формаси билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан мактаб ўқувчилари учун ягона мактаб формаси шакллари тасдиқланган. Аммо унинг мажбурийлиги беш йилга кечиктирилган эди. Ҳукуматнинг жорий йил 19 майдаги қарорига кўра, 2022/2023 ўқув йилидан давлат мактабларида ўқувчилар учун мактаб формаси тўлиқ жорий этилади.

Кийиниш маданияти инсон ҳаётида муҳим ўрин тутади. Айниқса, бугунги глобаллашув даврида бу ниҳоятда долзарблик касб этади. Психологияда ижтимоий рол тушунчаси мавжуд, унга кўра, шахс жинси ҳамда ёшига мос равишда онтогенезда ва кундалик ҳаёт фаолиятида ўз ижтимоий ролини мунтазам алмаштириб туришига, босқичма-босқич ҳамда ўрнини алмаштириб турли ролларни “ўйнаши” га тўғри келади.
Ижтимоий роллар турли туман бўлиб, жинсга хос вақт даврида аёлларда: қиз, набира, келин, турмуш ўртоғи, она, қайнона, амма, хола ва ҳоказо.
Эркакларда ўғил, набира, куёв, турмуш ўртоғи, ота, қайнота, тоға, амаки.
Вазиятга кўра мезбон, меҳмон, йўловчи, хўранда, харидор, ўқувчи, талаба, бошлиқ, ходим ва бошқалар, бу рўйхатни яна беҳисоб давом эттириш мумкин.
Ижтимоий ролнинг мазмун-моҳияти шундан иборатки, унга мос равишда шахснинг хулқи ҳам ўзгаради, яъни шахс айни пайтдаги ижтимоий ролига мос хулқ ва характер хусусиятларини намоён қилади. Унга хос хулқ ва характер ўртасидаги номутаносиблик эса ўзаро муносабатларда тушунмовчилик ва зиддиятларга сабаб бўлиши мумкин.
Ижтимоий ролнинг яна бир энг муҳим хусусияти ташқи қиёфа ва либоснинг ҳам унга мос бўлишидир. Шу ўринда уйга, кўчага, меҳмонга, тўйга, кўнгилочар тадбирларга, ишга, ўқишга кийиладиган махсус кийим-бош, форма ҳақида ҳам гапириш мумкин, чунки санаб ўтилган, шахс иштирок этадиган фаолият соҳаларининг ҳар бирида ҳам маълум ижтимоий рол ўйналади.
Шахснинг эгнидаги либоси ҳамда мулоқот ва муомалада намоён бўладиган хулқи, характери хусусиятлари шу ролга мос бўлиши шарт. Махсус кийим бош, форма шахснинг алоҳида ижтимоий қатлам, табақа, гуруҳ, касбга мансублигининг белгиси ҳисобланади, у шахсга ўзи мансуб бўлган ижтимоий қатлам, гуруҳ, табақа, касбга мос хулқ моделини белгилайди, таълим муассасасида эса ижтимоий тенгсизликни бартараф қилади. Шу жиҳатдан олганда махсус кийим бош, форманинг шахсий индивидуал, ижтимоий аҳамияти, шахснинг ижтимоий ва таълим муҳитидаги хавфсизлигини таъминлашдаги ўрни беқиёс.
Айнан махсус кийим бош, форма шахсда ўзининг у ёки бу ижтимоий қатлам, гуруҳ, касб ёки тоифага мансублик ғурури, ифтихор ҳиссини шакллантиради. Шунинг учун ҳам ҳарбийлар, ҳуқуқ тартибот идоралари вакиллари хоҳлаган либосида эмас, махсус кийим бошда, формада юради. Таълим муассасаларида махсус кийим-бош, форманинг аҳамияти катта, чунки у тарбияланувчи, ўқувчи, талабага керакли хулқ шаклини, характер хусусиятини, интизомни “буюради”, уни айни пайтдаги ижтимоий мақомига мос бўлишга ундайди ва айнан шу хусусияти билан форма тарбиявий аҳамиятга эга бўлади.
Ҳаммага яхши маълум, дунёга машҳур шахсларни тарбиялаб етиштирган Кембриж, Оксфорд, Стенфорд каби университетлар сони бўйича дунёда биринчи ўринда турадиган Ҳиндистон олий ўқув юртларининг ҳаммасида ўз махсус формаси мавжуд. Уларга ўқишга киришни ният қилган йигит-қизлар биринчи навбатда шу кийимни кийишни орзу қилади. Таълимда махсус кийим-бош, форманинг яна бир муҳим аҳамияти унинг фаолиятга, айни пайтда ўқув фаолиятига мотивация беришидир, шуни ҳисобга олиб нафақат тарбияланувчилар, ўқувчи ва талабалар, тарбиячи ва ўқитувчиларнинг ҳам формаси бўлиши мақсадга мувофиқ, жамиятда устоз-мураббийларнинг мақомини кўтаришда ижтимоий муҳитда уларни таниш ва ҳурмат бажо келтириш учун махсус форма қулай восита бўлиб хизмат қилади.
Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлиги, шахснинг турли фаолият соҳаларидаги хавфсизлиги тўла-тўкис шу жамиятда шаклланган қадриятлар тизимига, унинг барқарорлигига боғлиқ. Ҳеч қайси давлатнинг қадриятлари тизими, у қанчалик мукаммал бўлмасин ва шу давлат ўзи уни демократиянинг олий шакли, деб ҳисобламасин, бошқа жамият учун эталон бўла олмайди, чунки қадриятлар тизими биринчи навбатда асрлар давомида шаклланган менталитет хусусиятларига асосланади. Бу хусусиятлар бир мамлакат ичида, унинг турли минтақаларида ҳам бир-биридан фарқ қилиши мумкин. Бир-биридан фарқ қиладиган бундай минтақавий-ҳудудий менталитет хусусиятларини дунёнинг исталган мамлакатидан топиш мумкин. Айрим давлатлар томонидан ўз демократик тамойилларини бошқа жамиятларга тўғридан-тўғри экспорт қилишга уринишлар бу экспорт объекти ҳисобланган жамият қадриятларини емириш ва охир-оқибат шу жамиятни маънавий тобеъ қилишга уринишдан бошқа нарса эмас.

Замонавий медиа воситалари эса психологик урушни амалга ошириш учун рақиб давлатнинг мақсадлари, қадриятларини ёқлайдиган, унга ҳавас қиладиган, унинг рамзлари, турмуш тарзи, кийиниши, маданияти, қадриятларига амал қиладиган бундай хайрихоҳ гуруҳларни шакллантириш учун ҳар қандай ахборот-маълумотни бир вақтнинг ўзида миллионлаб одамларга етказа оладиган чексиз имкониятни бериб қўйди. Психологик уруш хусусиятларидан келиб чиқиб кийимнинг қанчалик улкан тарбиявий, интизомий ва мафкуравий аҳамиятга эга эканлигини тушуниб олиш мумкин. Шунинг учун ҳам таълим муассасаларида формани инкор қилиш бу амалда ёшларни ёт ғоя ва мафкура таъсирига қўшқўллаб топшириш билан баробар, бундай шароитда ёшлар осонлик билан рамзлар, турмуш тарзи, кийиниш, оммавий маданият, қадриятлар воситасида уларнинг онги ва қалбини эгаллашга ҳаракат қилаётган ғоялар қармоғига илинади.
Таълим муассасаларида формани инкор қилиш ёки бекор қилишнинг яна бир хавфли оқибати шуки, агар ўқувчи талабаларнинг формаси жорий қилинмаса тарбиянинг шу соҳасида бўшлиқ пайдо бўлади, натижада моҳиятида турли зарарли ғоя ва мафкура ётган либослар воситасида ўша либослар тааллуқли жамиятларга ихлос қилувчи гуруҳлар шаклланаверади, ўзаро низолар ва тўқнашувлар эҳтимоли ортаверади. Либос, форма билан боғлиқ битта қонуният бор, сўнгги йилларда либос, унинг айрим элементлари ҳақида гап кетса, масалага диний тус бериш одат тусига кириб қолди. Ислом эътиқодни либосдан эмас, мўминнинг қалбидан излашни буюрганини била туриб ҳам бундай кимсалар либос билан боғлиқ ҳар қандай масалага диний тус бераверади.
Асосий қонунимиз ҳисобланган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31-моддасида “Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди”, 61-моддасида “Диний ташкилотлар ва бирлашмалар давлатдан ажратилган ҳамда қонун олдида тенгдирлар. Давлат диний бирлашмаларнинг фаолиятига аралашмайди”, деб белгилаб қўйилган. Қонунчилик палатаси томонидан 2021 йил 4 майда қабул қилинган Сенат томонидан 2021 йил 26 июнда маъқулланган Ўзбекистон Республикасининг Президенти томонидан 2021 йил 5 июлда тасдиқланган “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси қонунининг 7-моддасида “Ўзбекистон Республикасида дин давлатдан ажратилган. Ўзбекистон Республикасида диний ташкилотлар ва давлат органларининг фаолияти ўзаро аралашмаслик асосида амалга оширилади”, 8-моддасида эса Ўзбекистон Республикасида таълим тизими диндан ажратилгандир.
Таълим тизимининг ўқув дастурларига диний фанлар киритилишига (бундан диний таълим муассасалари мустасно) йўл қўйилмайди, деб белгилаб қўйилган. Янги таҳрирдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси қонуни кучга киргандан сўнг одамлар ўртасида энди таълим муассасаларида ҳам қизлар ҳижобда юрса бўладими, деган саволлар пайдо бўлди. Янги ўқув йилидан бошлаб, таълим муассасаларида ягона мактаб формасининг жорий қилиниши эса барча кутган иш бўлди, дейиш мумкин.
Маъмиржон Отажонов,
психология фанлари номзоди, доцент ЎзА