“Долзарб 90 кунлик” доирасида миришкорлик аълочи битирувчилар эътироф этилди
Бугун Қашқадарё вилояти Миришкор туманида ёшларнинг ёзги таътил даврини мазмунли ташкил этиш, уларнинг бўш вақтини самарали ўтказиш ҳамда таълим соҳасида эришилган ютуқларни муносиб эътироф этиш мақсадида “Долзарб 90 кунлик” лойиҳаси доирасида семинар ташкил этилди.
4-сонли умумтаълим мактабида бўлиб ўтган тадбирда Миришкор тумани ҳокими Файзулло Ғуломов ва бошқалар сўзга чиқиб, ёзги таътил даврида ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини юксалтириш, спорт ва китобхонликка кенг жалб этиш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан бири эканини таъкидлади.

Семинарда ўқувчиларнинг ёзги таътилини мазмунли ташкил этиш, уларни спорт, фан, маданият ва санъат тўгаракларига кенг жалб қилиш, китобхонликни тарғиб этиш, маҳаллаларда маънавий-маърифий ҳамда спорт тадбирларини кенгайтириш юзасидан устувор вазифалар муҳокама қилинди. Шунингдек, ҳар бир таълим муассасаси ва маҳаллада “Долзарб 90 кунлик” лойиҳаси доирасида амалга ошириладиган ишлар бўйича масъулларга аниқ топшириқлар берилди.
Мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи Темурбек Жалиловнинг сўзларига кўра, ёшларнинг билим олиши, иқтидорини ривожлантириш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бугунги кунда таълим тизимининг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади.
– Бугун таълим соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда. Ўқувчиларимиз турли танлов ва олимпиадаларда муносиб иштирок этиб, юқори натижаларга эришмоқда. Биз учун ҳар бир ёшнинг билим олиши, ўз иқтидорини намоён қилиши ва бўш вақтини мазмунли ўтказиши муҳим. “Долзарб 90 кунлик” лойиҳаси ҳам айнан шу мақсадларга хизмат қилади. Бу ташаббус орқали ёшларнинг қизиқишларини рўёбга чиқариш, уларни спорт, санъат, китобхонлик ва бошқа фойдали машғулотларга кенг жалб этишни мақсад қилганмиз, – деди Т.Жалилов.

Тадбирнинг тантанали қисмида 2025-2026 ўқув йилини аъло натижалар билан якунлаган 8 нафар 11-синф битирувчисига олтин ва кумуш медаллар топширилди. Улар туманнинг 10-, 21-, 28-, 36- ва 38-сонли умумтаълим мактаблари битирувчилари бўлиб, ўқишдаги юқори натижалари, интилиши ва намунали фаоллиги учун эътироф этилди.
28-сонли умумтаълим мактаби битирувчиси, олтин медаль соҳиби Зарнигор Ўнгбоева тақдирлаш маросимидан сўнг ўз таассуротлари билан ўртоқлашди.
– Олтин медалга сазовор бўлганимдан жуда ҳам хурсандман. Бу натижага эришишимда устозларимнинг меҳнати, ота-онамнинг доимий қўллаб-қувватлаши катта ўрин тутди. Уларнинг барчасига самимий миннатдорлик билдираман. Келгусида ҳам ишончни оқлаб, юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшадиган малакали мутахассис бўлишга интиламан, – деди у.
Тадбир якунида таъкидланганидек, ёзги таътил давомида ўқувчиларни кенг қамраб олиш, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш, бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ҳамда “Долзарб 90 кунлик” лойиҳасида белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш устувор вазифалардан биридир.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА