“Долзарб – 90 кун”: ёзги таътил мароқли ўтмоқда
Давлатимиз раҳбари бошчилигида таълим соҳага оид ўтказилган видеоселектор йиғилишида ёзги таътил даврида ўқувчи ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш бўйича “Долзарб – 90 кун” тадбирларини юқори даражада ташкил этиш юзасидан аниқ вазифалар белгиланган эди.
Шу кунларда Тошкент вилоятида ҳам мазкур ташаббус доирасидаги саъй-ҳаракатлар белгиланган тартибда олиб борилмоқда. Ҳудуд бўйича 144 та кундузги оромгоҳлар ҳамда 17 та стационар оромгоҳлар, 23 та “Баркамол авлод” болалар мактаблари, 50 та маданият марказлари ва 33 та болалар мусиқа ва санъат мактаблари, 5 та музейлар, 34 та спорт мактаблари, 22 та Турон ахборот кутубхона марказлари ёшлар ихтиёрида бўлмоқда.

Хусусан, Қибрай туманидаги 14 умумтаълим мактабида “Бирлашсак, Ватанмиз” дея номланган маърифий тадбир ўтказилди. Унда туман мактаб ва мактабгача таълим бўлими мудири Флора Юлдошева ўқувчиларнинг ёзги дам олиш вақтида ўтказилаётган “Долзарб – 90 кун” лойиҳасининг аҳамияти ҳақида гапирди. Шу билан бирга, Ўзбекистон халқ шоири, сенатор Маҳмуд Тоир, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи Раҳматилла Шералиев ёшлар даврасида самимий суҳбат қилди. Асосий эътибор Ватан мадҳига қаратилди.

Шоир шеърларидан намуналар ўқилди. Ёшлар онги ва тафаккурининг шаклланишида бадиий адабиётнинг, хусусан шеъриятнинг ўрни ва аҳамияти ҳақида мунозаралар қилинди. Ўқувчиларни қизиқтирган саволларга ижодкорлар атрофлича жавоб берди. Тадбир барчада илиқ ва самимий таассурот қолдирди.
Бундан ташқари, Олий таълим муассасалари ректорлари ва уларнинг ўринбосарларини мактабларга бириктириш орқали “Ректор кубоги”, “Киберспорт” онлайн спорт мусобақалари ва “Амалий кимё лабораторияси”, “Амалий физика лабораторияси” тўгараклари фаолияти йўлга қўйилди.

Ўқувчиларни тарихий обидалар ва диққатга сазовор жойлар билан яқиндан таништириш бўйича “Вилоят бўйлаб саёҳат” лойиҳалари амалга оширилмоқда. Мазкур тадбирларни амалга ошириш учун туман, шаҳарларда кунлик режа асосида маънавий-маърифий, спорт ва маданий тадбирларни ўтказиш бўйича режа-графиклар ишлаб чиқилди.

Илғор хорижий тажрибани инобатга олиб, ёзги таътил даврида болаларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш бўйича ўқувчи ёшларни касбга қизиқишини ошириш ва ўқитиш учун Ўрта Чирчиқ тумани ва Нурафшон шаҳридаги айрим мактабларда “Ёзги касб марказлари” ташкил қилинган. Унда ёшлар мебелсозлик, дизайнерли, IT дастури бўйича ишлаш, робототехника, пазандачилик, тикувчилик ва каштачилик касблари бўйича 3 ойлик курсларга қатнайди.
Жорий йилги ёзги таътил болаларга фойдали бўлиши, бекорчи ишлардан ҳоли ва ўз навбатида таассуротларга бой ўтиши чоралари кўрилган.
А.Мусаев, ЎзА.