Доғистонда 1300 дан кўп турар-жой биносини сув босди
– Россия Федерацияси таркибий тузилмаси ҳисобланган Доғистон Республикасида 6 муниципалитетга қарашли 8 аҳоли манзилида 1339 турар-жой биноси, 1664 боғ ва 90 йўл участкаси сув остида қолган, – дея хабар тарқатган РФ Фавқулодда вазиятлар вазирлиги.
Айни пайт 16 ҳудуддаги муваққат жойлаштириш марказида 591 киши, жумладан 246 нафар бола сақланмоқда. Қутқарувчилар уй-жойларни бирма-бир кўздан кечириб, аҳолига хонадонларни тозалашда ёрдам беряпти, аҳолига озиқ-овқат ва сув етказиб беряпти. Кўнгиллилар хавотирга тушганларни қўллаб-қувватламоқда.
Мамлакат Бош вазири Михаил Мишустин Президент кўрсатмасига биноан, Доғистондаги сув тошқини оқибатини бартараф этиш бўйича Ҳукумат комиссиясини тузди. Гуруҳга фуқаро мудофааси, фавқулодда вазиятлар ва табиий офат оқибатини бартараф этиш вазири Aлександр Куренков раҳбар этиб тайинланди.
Давлат раҳбари Владимир Путин айни масала бўйича махсус йиғилиш ўтказиб, жабрланган аҳолига ёрдам бериш ва долзарб муаммоларни ҳал қилиш орқали минтақани қўллаб-қувватлаш бўйича масъулларга тегишли топшириқлар берган.
Г.Сатторова