Дизайнерлар танлови ғолиблари аниқланди
Сирдарё вилояти мусиқали драма театрида “Сирдарёнинг миллий бренди” шиори остида ўтказилган дизайнерлар танловининг вилоят босқичи юқори савияда ташкил этилди. Мазкур тадбир ҳудудда ижодий муҳитни ривожлантириш, миллий қадриятларни замонавий дизайн орқали тарғиб этиш ҳамда ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлашга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.
Танловда вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидан ташриф буюрган иқтидорли дизайнерлар иштирок этишиб, ўзларининг энг сара ишларини намойиш этишди. Тақдим этилган тўпламларда миллийлик ва замонавийлик уйғунлиги, Сирдарёга хос маданий ранг-баранглик, халқ амалий санъати анъаналари ҳамда тарихий мероснинг бадиий ифодаси яққол акс этди.

Айниқса, либослар дизайнида миллий нақшлар, анъанавий матолар ва замонавий услубларнинг уйғунлашуви мутахассислар ва томошабинларда катта қизиқиш уйғотди. Бу эса миллий бренд яратишда янги қарашлар ва инновацион ёндашувлар шаклланаётганидан далолат беради.

Танлов жараёнида ҳакамлар ҳайъати томонидан иштирокчиларнинг ижодий ёндашуви, ғоянинг долзарблиги, дизайн сифати ҳамда миллийликни қай даражада акс эттира олганлиги асосий мезонлар сифатида баҳоланди.

Якунларга кўра, дизайнерлар йўналишида 1-ўрин Сайхунобод тумани вакили Гулчеҳра Солиевага насиб этди. 2-ўрин Оқолтин туманидан Умидахон Оқилхўжаевага, 3-ўрин эса Мирзаобод туманидан Ҳуррият Каржовага берилди. Ғолиб ва совриндорлар дипломлар ҳамда вилоят ҳокимлигининг қимматбаҳо совғалари билан тақдирландилар.

Шунингдек, тадбир доирасида миллийлик тарғиботини янада кучайтириш, аҳолининг миллий қиёфасини шакллантириш ҳамда ушбу йўналишда фаол иштирок этган жамоаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Низом талабларига мувофиқ 11 та номинация бўйича ҳам иштирокчилар муносиб рағбатлантирилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири