Динлараро бағрикенглик тамойиллари ОАВда
Бухорода Ўзбекистон Журналистларни қайта тайёрлаш маркази томонидан “Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари орқали динлараро бағрикенглик тамойилларни илгари суриш” лойиҳаси доирасида семинар бўлиб ўтди. Унда оммавий ахборот воситалари ходимлари, жумладан, маҳаллий журналистлар, блогерлар ва фуқаролик жамияти вакиллари қатнашди.
Дин ва дунёвий давлат орасидаги муносабат ҳақида гап кетар экан, унинг асосида энг аввало диннинг давлатдан ажратилиши тамойили амалга оширилади. Бу ҳақда Конституциямизнинг 75-моддасида “Диний ташкилотлар давлатдан ажратилган ҳамда қонун олдида тенгдирлар. Давлат диний ташкилотларнинг фаолиятига аралашмайди. Давлат қонунда белгиланган тартибда фаолият кўрсатаётган диний ташкилотлар фаолиятининг эркинлигини кафолатлайди” деб белгиланган. Бугунги кунда республикамизда 16 та ноисломий конфессияга мансуб ташкилот эмин-эркин фаолият олиб бораётгани ҳам бунинг амалий ифодасидир.

–Амалга оширилаётган лойиҳанинг мақсади ҳам Ўзбекистонда динлараро бағрикенглик ва тинч-тотув яшашни тарғиб қилишдан иборат, –дейди филология фанлари доктори Наргис Қосимова.

Ўтказилган семинар-тренингда зиддиятга сезгир журналистика: динлараро муносабатларнинг моҳияти ва вазифалари, зиддият турлари, динлараро муносабатларда зиддиятлар, бағрикенглик тўғрисида, динлараро муносабатларда мавзунинг гендер жиҳатлари, ОАВ ва ижтимоий тармоқларда динлараро ва бир дин ичидаги бағрикенглик мавзусидаги чиқишлар камлиги сабаблари ҳамда маҳаллий ОАВ ва ижтимоий тармоқлар учун тайёрланадиган материаллар таҳлили бўйича малакали тренерлар журналист, филология фанлари доктори Наргис Қосимова ҳамда журналист, “Қалб нури” аёллар ва уларнинг оилаларини ижтимоий-ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш маркази директори Нодира Алимовалар иштирокчилар билан машғулот ўтказди. Зиддиятларни моделлаштириш ва ҳал қилиш бўйича кичик гуруҳларда машқлар бажарилди. Гуруҳларнинг тақдимотлари, муҳокама-мунозаралари ташкил қилинди.
Семинар-тренингда диний масалалар бўйича эксперт Бахтиёр Алимжонов ҳам иштирок этиб, “Ўзбекистонда дунёвийлик (секуляризм) ва бағрикенглик: тарих ва бугунги кун” мавзусида иштирокчиларни қизиқтирган барча саволларга жавоб берди.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири