Дилдора энг фаол ёш китобхон бўлди
Қашқадарё вилоятида бўлиб ўтган “Ёш китобхон” республика танловининг вилоят босқичи ҳам мана шу мақсадларга хизмат қилди.
– Китоб ўқиш жону дилим, – дейди Ғузор туманидаги 61-умумтаълим мактаб ўқувчиси Дилдора Поёнова. – Кўпроқ ўзбек ва жаҳон адибларининг ҳикоялари, қиссаларини ўқийман. Масалан, яқинда бобожоним рус адиби Лев Толстойнинг ҳикоялар тўпламини совға қилди. Ундаги “Прыжок” номли ҳикоя менда катта таассурот қолдирди. Ҳикоя қаҳрамони бўлган бола яъни кема капитанининг ўғли маймун билан ўчакишиб, ўзи билмаган ҳолда мачтанинг энг баланд қисмига чиқиб кетади ва ҳаётини хавфга қўяди. Адиб бола психологиясини моҳирона тасвирлаган. Яъни боланинг бебошлиги, ўзи учун мумкин бўлмаган ишга қўл ўргани натижасида хавфли ҳолатларга дуч келиб қолишини уқтиради. Бундай ҳолатдан айниқса, ота-оналар кўпроқ азият чекишини ҳам таъкидламоқчи бўлган адиб.
Айтиш жоизки, кейинги йилларда аҳоли ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш айниқса, ёшларни китобхонликка кенгроқ жалб этиш борасида самарали ишлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 12 майдаги “Буюк алломалар, адиб ва мутафаккирларимиз ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш мақсадида ёшлар ўртасида китобхонлик танловларини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори бу борада дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.
Қашқадарё вилоятида бўлиб ўтган “Ёш китобхон” республика танловининг вилоят босқичи ҳам мана шу мақсадларга хизмат қилди.
– Танлов 4 босқичда ва 3 та ёш тоифаси асосида ташкил этилиб, дастлабки саралаш босқичида 138 минг 761 нафар китобхон иштирок этди, – дейди Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши бўлим мудири Феруза Абдураҳмонова. – Шундан ҳам ёшларимиз ўртасида китобхонликка қизиқиш тобора кучайиб бораётганини англаш мумкин. Иккинчи босқичда вилоятнинг барча туманларидан жами 675 нафар китобсевар ёш ўз иқтидорини намойиш этди. Ушбу босқичда тест саволларидан 86 ва ундан юқори балл тўплаган иштирокчилар ўртасида “Ўзбек адабиёти билимдони” ва “Жаҳон адабиёти билимдони” шарти асосида синов ўтказилди. Ҳар бир ҳудуддан 1 нафардан иштирокчи танловнинг вилоят босқичига қатнашиш йўлланмасини қўлга киритди.
Ёшларнинг барча қатламларини китоб мутолаасига жалб этиш, уларнинг китоб ўқишга бўлган қизиқиш ва интилишларини қўллаб-қувватлаш, жойларда адабий муҳитни шакллантириш бугунги куннинг долзарб масалаларидан биридир. Мазкур танлов келажак меъморларини ўзликни англаш, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, ёш авлод ўртасида китобхонлик маданиятини кенг оммалаштиришга хизмат қилмоқда.
Якуний натижаларга кўра, вилоят босқичининг 10-14 ёш тоифасида 1-ўринни Ғузор тумани 61-умумтаълим мактаби ўқувчиси Дилдора Поёновага насиб этган бўлса, Абдулла Орипов номидаги ихтисослаштирилган мактаб-интернати ўқувчиси Дилнаво Собирова ҳамда Қарши туманидаги 26-умумтаълим мактаб ўқувчиси Азиза Наимова иккинчи ва учинчи ўринга муносиб кўрилди.